Дўстларингиз билан хиёбон, кафе ёки метрода ўтирганда ёнингиздан ўтган кимдир инглизчада бемалол гапира бошласа, беихтиёр унга ҳавас билан қараб қоласизми? Кўпимизда бу ҳолат бўлган. Айнан ўша пайтда ичимизда “мен ҳам шунақа эркин гаплашсам эди” деган истак уйғонади. Аммо орадан бир неча соат ўтиб бу истак яна одатдаги кечиктиришларга аралашиб йўқолиб кетади.
Тил ўрганиш бугун ёшлар учун кўпроқ имтиҳон ёки мажбурият эмас, балки имконият. Чунки янги тил бу янги дўстлар, янги жойлар, янги орзулар ва энг муҳими, янги сиз дегани. Ҳар бир ўрганилган сўз бу сиз билан орзуингиз ўртасидаги масофани қисқартирадиган қадамлардир.
Бугун бу мақолада сиз билан бирга ўйлаймиз: нима учун айнан ёшликда тил ўрганиш керак? Бу миямизга қандай фойда беради, келажакдаги карьерамизга қандай йўл очади? Ва энг муҳими, бугун бошлашга арзийдими?
Мияни чархловчи восита
Мутахассислар тил ўрганишни “мия учун гимнастика” деб аташади. Бу тасодифий ибора эмас. Маълумки, чет тилидан фойдаланиш миядаги қариш жараёнини секинлаштиради. Олимларнинг фикрига кўра, икки тилда гаплашиш хотира, диққат ва тилни бошқариш билан боғлиқ соҳаларга ижобий таъсир қилади. Доимий равишда бир тилдан иккинчи тилга ўтиш когнитив назорат тизимини рағбатлантиради ва ақлий қобилиятларни юқори даражада сақлашга ёрдам беради.
2012 йилда Канаданинг Йорк университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотда икки тилли ёшлар диққатни жамлаш, тез фикрлаш ва муаммо ечиш бўйича ўз тенгдошларидан анча илгари экани аниқланган.
Бошқа бир илмий тажриба эса шуни кўрсатдики, хорижий тилни ўрганаётган одамларнинг мияси мослашувчан бўлади, яъни у янги билимларни тезроқ қабул қилади, мураккаб вазиятларда мантиқан фикрлай олади. Шунчаки сўз ёдлаш бу кўринадиган жиҳат. Аслида эса тил ўрганаётган миянгиз ўзи билмаган ҳолда янгиланяпти, кучаймоқда.
Тил билиш орқали кенгаядиган дунёқараш
Тил билиш бошқа миллатни тушуниш, унинг маданиятини ўрганиш, стереотиплардан чиқиш дегани. Бир неча тилни билган ёшлар кўпроқ савол беради, кўпроқ қизиқади, турлича фикрларни солиштириб кўра олади. Бу эса инсонни нафақат билимли, балки бағрикенг, очиқ ва ижтимоий фаол инсон сифатида шакллантиради.
Чунки тил бу фақат алоқа воситаси эмас, балки тафаккур шаклидир. Ҳар бир халқ дунёни ўз тилида “таржима қилади”, ўз сўзлари орқали ҳаётни англайди. Бирор халқнинг тилини ўрганар экансиз, сиз уларнинг муаммоларга қандай қарашини, хурсандчиликни қандай ифодалашини, ҳатто сукутда ҳам қандай ҳисларни яширишини англай бошлайсиз.
Тил билган инсон бир қарашда бегона бўлиб кўринган одамни ҳам тушунади, унга яқинлашади. Бу эса ижтимоий муҳитда муросага келиш, бошқаларни эшитиш маданиятини шакллантиради. Айниқса бугунги замонда: радикал фикрлар, ажратиш ва қоралашлар кучайган даврда тил билган, дунёқараши кенг, фикрлаш доираси очиқ ёшлар жуда керак.
Шунинг учун ҳам тил ўрганиш бу фақат тест топширишга тайёргарлик эмас, бу ҳаётни турли нигоҳлар билан кўришни ўрганишдир. Тил сизни бошқаларга яқинлаштиради, лекин энг аввало, сизни ўзингизга яқинлаштиради.
Ижтимоий ва психологик ўсишга таъсири
Тил ўрганаётган инсон бошқалардан камида бир босқич олдинда бўлади. Чунки бу жараён нафақат билим, балки сабр, изчиллик, мулоқот қилиш кўникмасини ҳам шакллантиради.
Айниқса, ижтимоий тармоқларда фаол ёшлар учун тил билиш глобал аудитория билан мулоқот қилиш, чет эллик дўстлар орттириш, контент сифатини оширишда жуда муҳим. Бу эса инсонни ички жиҳатдан бойитади, психологик барқарорлик беради, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Психологияда “компетенция ҳисси” деган тушунча бор – бу одамнинг бирор нарсани билиши ёки уддалаши орқали ўзини кучли ҳис қилишидир. Тил ўрганиш эса айнан шу ҳиссий ҳолатни уйғотади. Ҳар янги ўрганилган сўз, ҳар мулоқот қилинган хорижий дўст, ҳар тушунилган видео бу кичик, аммо муҳим ғалабалардир. Улар ёшларнинг ўзини қадрлаш ҳиссини оширади.
Кембридж Юниверсити Пресс нашрида чоп этилган 2021 йилги тадқиқотга кўра, чет тилини ўрганаётган талабалар орасида:
- Ўзини ижтимоий жиҳатдан эркин ҳис қиладиганлар сони 2 баробар кўп;
- Ўз фикрини ижтимоий тармоқларда очиқ ифода этишга журъат қиладиганлар 60% га кўпроқ бўлган.
Яна бир қизиқарли кузатув шуни кўрсатдики, икки тилни биладиган ёшлар муаммоли вазиятларда кўпроқ муроса йўлини топади ва қарор қабул қилишда асабийлашишга камроқ мойил бўлади (Bilingualism and Cognition, Bialystok, 2020).
Ҳар бир янги сўз — келажагингизга ташланган қадам
Бугун дунё ривожланяпти. Сунъий чегаралар олиб ташланяпти. Инсонларда дунёни, унинг илмларини ўрганишга қизиқиш ортяпти. Иқтисодиётлар ривожланяпти. Албатта, Ўзбекистон ҳам бу жараёнлардан четда эмас. Бизга ҳам миллионлаб меҳмонлар, саёҳатчилар келмоқда. Айни мана шулар ҳам бугун Ўзбекистонда тил ўрганишни долзарб масалага айлантирмоқда.
Бугун ёшларда бирор хорижий тилни ўрганишга иштиёқ жуда кучли. Аммо улар ишни нимадан бошлашни билмайди. Бу саволга жавоб топиш мақсадида хорижий тиллар мутахассиси Азамат Акбаровга юзландик:
“Тил ўрганишда энг асосийси хоҳиш, истак ва илк қадамни ташлаш. Афсуски, кўпчиликда илк қадамни ташлаш омилини қўрқув омили енгиб кетаверади. Бу бизнинг тарбиямиз билан ҳам боғлиқ жиҳат. Фарзандларимизга ёшлигидан катталар ўтирган даврада гапирмасликни, фикрини айтмаслик ва ҳоказоларни ўргатамиз. Уларни доим қолиплар билан чегаралаймиз.
Бола мана шундай тўсиқлар билан катта бўлар экан, унинг ўзига бўлган ишончи суст бўлади. Қарор қабул қилиш, мустақил ташаббусларга қадам қўйишга қийналади. Бу болани танқидий ва таҳлилий фикрлашдан тосувчи катта тўсиқ. Биз тарбия беришдаги мана шу услубларни ўзгартиришимиз керак.
Европа ва Жанубий Кореяда ёш болаларни хато қилишга ўргатишади. Тилда ҳам шундай. Қанча кўп хато қилсангиз, шунча ривожланишга хизмат қилади. Менга ўқитувчиларнинг «бола тилни ўргана олмаяпти» деган фикри маъқул келмайди. Тил – абстракт тушунча. Хўш, бола тилни нимасини ўзлаштира олмайди? Замонларними? Артиклларними? Ҳаракат номиними? Ўқитувчи бунга жавоб бера олмайди.
Агар биз боланинг хатоларига тўғри ташхис қўя олсак, бола ўша хатоларни такрорламайди. Қайтараман, хорижда ўқитувчилар болани имкон қадар кўпроқ хато қилишга мажбурлашади. Хато қилиш аслида – ривожланиш.
Биз доим чет тиллардан сунъий баҳолар қўямиз. Шу сунъий баҳолар билан университетни битирганлар ўқитувчи бўлиб ишлаяпти. Бу ўқитувчилар эса боланинг хатосини тўғрилашга ҳаракат қилмайди. Тизим айланаверади”.
Дарҳақиқат, бу сўзлар фақат тил ўрганиш эмас, балки умуман таълим тизимидаги муаммоларни ҳам очиб беради. Бизда кўпинча баҳо билиш даражасининг эмас, тестдан қанча “урилган”ининг кўрсаткичи сифатида баҳоланади. Натижада тил дарслари грамматикани ёд олиш, тестда балл тўплаш машғулотига айланиб қолади. Шундай экан, тил ўрганиш бу бирор сертификат учун эмас, ҳаётингизни ўзгартириш учун қилинадиган сармоя эканини тушуниб етишимиз керак. Ҳар куни 15 дақиқа ажратиб, янги бир сўз ёдлаганингизда, аслида сиз нафақат тилни, балки ўзингизни, фикрлаш тарзингизни, дунёга бўлган муносабатингизни ўзгартираётган бўласиз.
Маъмура Хасанова,
ISFT институти “Филология ва тилларни ўқитиш йўналиши” талабаси