Бугунги Нагасаки — ўтмиш, ҳозирги кун ва келажак бир-бирига чамбарчас боғланган, Шарқ маданияти Ғарб маданияти билан уйғунлашган шаҳар. У Кюсю оролида жойлашган бўлиб, тепаликлар бўйлаб юқорига кўтарилган. Кечаси бу тепаликлар минглаб деразаларнинг илиқ ёруғлиги билан тўлиб-тошган ва жуда романтик кўринишни ҳосил қилади.
Кундузи Нагасаки — Япониянинг энг жонли ва шиддатли шаҳарларидан бири. XIX асрдан бошлаб у бутун дунё учун Японияга дарвоза бўлиб хизмат қилган. Маданиятларнинг ноёб уйғунлиги, яширин христиан жамоаларининг мероси, тор кўрфаз атрофидаги манзарали жойлашуви замонавий Нагасакига кўплаб сайёҳларни жалб қилади. Аммо бу меҳмондўст ва гуллаб-яшнаган денгиз бўйидаги мегаполис аҳолиси, шубҳасиз, АҚШ қуролли кучларининг даҳшатли тажрибаси — шаҳарни куйган чўлга айлантирган атом бомбасини унутмаган.
«Қизиган металл ёмғир каби ёғилди»
Нагасаки Хиросимадан кейин ядро бомбардимонига дучор бўлган иккинчи Япония шаҳри бўлди. 1945 йил 9 августда 21 килотонна тротилга тенг атом бомбаси «Фат Ман» («Семиз одам») шаҳар узра ташланди. У кундуз соат 11:02 да портлаб, улкан олов шарини ҳосил қилди. Олов тўлқинлари ва радиация бир зумда барча йўналишларга тарқалиб, ўта сиқилган ҳавонинг портлаш тўлқинини ва ўлим ҳамда вайронагарчиликларни юзага келтирди.

Бир неча сония ичида қадимий шаҳарнинг ярмидан кўпи кул бўлди. Ёруғлик чақнаши, ҳарорат 2000 градусгача кўтарилди ва портлаш марказидаги одамлар, ҳайвонлар, ўсимликлар — умуман, барча органик нарсалар бир зумда буғга айланди. Йўлаклар ва асфальт эриди, атрофдаги бинолар портлаш тўлқини таъсирида қулаб тушди. Одамлардан қолган ягона нарса — эриб кетмаган тошлар устидаги қора соялар бўлди.
Нагасакининг Ураками шимолий тумани бутунлай йўқ қилинди. Нагасакидаги 52 мингта бинодан 14 мингтаси худди мавжуд бўлмагандек йўқ бўлиб кетди, яна 6 мингга яқини шунчалик жиддий шикастландики, уларни қайта тиклашдан кўра бузиш осонроқ эди. Биноларнинг атиги 12% и бузилмасдан қолди.
Портлашдан кейинги илк дақиқаларда Нагасакида 40 мингга яқин одам ҳалок бўлди. Камида 25 минг киши яраланди, уларнинг кўпчилиги кейинги кунларда ҳаётдан кўз юмди. 1945 йил охирига келиб, қурбонларнинг умумий сони турли ҳисоб-китобларга кўра 60 мингдан 80 минггачани ташкил этди. Беш йил ичида онкологик касалликлар ва портлашнинг бошқа узоқ муддатли таъсиридан вафот этганларни ҳисобга олган ҳолда, Нагасаки аҳолисининг қурбонлари сони 140 минг кишига етди.
Аммо одамлар ўнлаб йиллар давомида радиация касаллигидан ўлишда давом этди. Бугунги кунда 1945 йилда Япониядаги атом бомбардимонидан ҳалок бўлган ва вафот этганларнинг умумий сони 450 мингдан ошди. Улардан 230 мингга яқини Нагасаки аҳолисидир.

Портлаш марказидан узоқда бўлган ва шунинг учун тирик қолганлар ўша воқеаларни даҳшатли туш каби эслашади. Нагасаки бомбардимонини бошдан кечирган япон ёзувчиси Такаси Нагаи «Нагасаки қўнғироғи» эссесида портлаш лаҳзасини шундай тасвирлаган: «Улкан энергия ажралиб чиқди. Ва бу энергия сониясига тахминан 2 км тезликда ҳаракатланувчи зарба тўлқинига айланиб, ўз йўлидаги ҳамма нарсани тарқатиб юборди ва чангга айлантирди. Портлаш марказида ҳосил бўлган вакум яқин атрофдаги нарсаларни ўзига тортди, осмонга баланд кўтарди ва кейин ерга қулатди. Қизиган металл ёмғир каби ёғилиб, атрофдаги ҳамма нарсани дарҳол куйдирди. Портлаш натижасида осмонда пайдо бўлган тутун булути вайроналар ва чанг билан қуёшни тўсиб қўйди ва Уракамини худди қуёш тутилгандай зулмат қоплади. Тахминан уч дақиқадан сўнг, бу улкан булут тарқала бошлади».
«Бутун шаҳар устида ёнаётган жасад ҳиди бор эди»
1945 йилда Ёсиро Ямаваки мактаб ўқувчиси эди. Унинг онаси кичик укаси ва синглиси билан эвакуация қилинганди. Уларнинг уйи портлаш жойидан тахминан икки километр узоқликда эди.

Есиро Ямаваки:
«Мен эгизак укам билан овқатланиш учун столга ўтирдик, тўсатдан бизни ёрқин чақмоқ кўзларимизни қамаштирди. Кейин кучли ҳаво тўлқини уй бўйлаб тарқалиб, уни том маънода портлатди. Айнан шу пайтда меҳнат фронтига сафарбар қилинган катта акамиз заводдан қайтиб келди. Учовимиз бомбапаноҳгоҳга югуриб кирдик ва у ерда отамизни кута бошладик, аммо у қайтиб келмади».
Портлашдан кейинги куни ака-укалар отасини топиш учун у ишлаган заводга боришди.
«Ҳар жойда тартибсиз ҳолда ёниб кетган одамларнинг жасадлари тўпланиб турарди, улар шишиб, резина қўғирчоқларга ўхшаб қолганди, куйган юзларида эса кўзлари оқартириб турганди. Кўприкда биз икки томондан панжаралар олдида турган бир қатор ўликларни кўрдик. Улар тик турганча ўлганди. Худди ибодат қилгандай бошларини эгиб туришганди. Ва дарёда ҳам ўликлар оқиб борарди», — деди Есиро Ямаваки.
«Заводда отамнинг куйган жасадини топдик. Тишлари оқариб турарди — унинг жонсиз юзи кулаётгандек эди. Катталар жасадимизни кремация қилишга ёрдам беришди. Биз отамизни гулханда ёқдик, лекин онамизга кўрган ва бошдан кечирганларимиз ҳақида айтишга журъат эта олмадик», — деб эслади воқеа гувоҳи.

Портлаш содир бўлганда Рейко Ямада мактаб боғида эди. Қизни портлашдан икки ярим километр масофа ажратиб турарди.
Рейко Ямада:
«Дарёнинг нариги томонидаги ҳудуд бутунлай вайрон бўлганди. У ердан, шаҳар марказидан одамлар биз томонга югуриб келишарди, бутун йўл улар билан тўлиб тошганди. Ҳеч қандай тиббий ёрдам олмасдан, улар бирин-кетин йўлда қулаб тушарди ва ўлиб қоларди».
«Йўлни бўшатиш учун ўликларни ахлат каби уюм-уюм қилиб ташлаб, мактабимиз ҳовлисида бир нечта чуқур қазиб, уларни ўша ерда ёқишди. Бошқа мактабларнинг ҳовлиларида ва шунчаки бўш жойларда ҳам жасадлар ёқиб юборилди, бутун шаҳар устида ёнаётган жасад ҳиди бор эди», — деб эслади у.
Минглаб одамлар бу ерга қоғоз турналарни олиб келишади
Шаҳарни тиклаш деярли дарҳол бошланди. 1945 йил ноябр ойи охирига келиб, кўплаб ҳудудларда электр таъминоти тикланди. 1960 йилларнинг бошларига келиб, шаҳар қайта қурилди. Энди бу замонавий, гуллаб-яшнаган мегаполис — япон анъаналари ва хорижий маданиятлар таъсири бир-бири билан чамбарчас боғланган жонли ва ранг-баранг шаҳардир.
1945 йилдаги атом бомбардимони ҳақида фақат Атом бомбаси музейи ва Тинчлик боғи эслатиб туради. Улар шаҳар марказидан узоқроқда, бомба портлаган Ураками туманида жойлашган. Портлаш тахминан 500 м баландликда содир бўлган. Бир неча сония ичида шаҳарнинг шимолий қисмида эриб кетган тошлардан бошқа ҳеч нарса қолмаганди. Аммо бомбанинг қуввати Хиросимадагидан каттароқ бўлса-да, вайронкор таъсири камроқ бўлди. Бунга шаҳарнинг жойлашуви ёрдам берди. Нагасаки аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг бир қисмини «тўсиб қўйган» тоғлар ва тепаликлар орасида жойлашган.

Бундан ташқари, ўша куни кўриниш унчалик яхши эмас эди ва америкалик учувчи кўриш орқали эмас, балки радар орқали мўлжал олган. Бомба шаҳарнинг асосий қисмидан шимолда, Ураками туманига ташланди. У ерда заводлар, стадион, университет касалхонаси ва қамоқхона бор эди. Бу ҳудуднинг ўртасида энди фожиа хотираси учун Тинчлик боғи яратилган. Яқинда, 1996 йилда, унинг ёнида Атом бомбаси музейи пайдо бўлди. Бунгача экспонатлар Нагасаки халқаро маданият марказида намойиш этилган. Музейда Нагасакига ташланган бомбанинг асл ўлчамдаги макети ҳамда унинг ҳаракат механизмининг батафсил тушунтиришини кўриш мумкин.
Музей залларида воқеалар реконструкция қилинган, шаҳарнинг вайрон бўлганини акс эттирувчи суратларни, одамларнинг шахсий буюмларини, гувоҳларнинг кўрсатмаларини, фалокат суратларини кўриш мумкин. Баъзи экспонатлар кишини чуқур ларзага солади. Улар орасида инсон суяклари қотиб қолган катта бир бўлак эриган шиша бор. Ва ҳамма жойда — қоғоз турналар, нур касаллигидан ўлишга маҳкум бўлганларнинг аччиқ умиди рамзи сифатида. Улар ҳали ҳам музейга ташриф буюрувчилар томонидан тирик қолишни истаган қизча Садако Сасаки ва фалокатнинг барча қурбонлари хотирасига олиб келинади. Тинчлик боғида марказий Тинчлик ҳайкалининг икки томонида ҳам турналар учун уйлар ўрнатилган. Одамлар бу ерга ранг-баранг қоғоз қушларнинг бутун боғламларини олиб келишади. Музейда эсдалик учун турна олиш мумкин. Бу худди хотира ва умиднинг рамзий узатилишига ўхшайди: қоғоз қушни йиққан одамдан уни ўзи билан олиб кетган одамга.
Аллегорик Тинчлик ҳайкали олдида доимо гуллар туради. Бу боғнинг марказий, энг тантанали қисми.
Бомба портлаган нуқта боғга ўрнатилган қора монолит билан белгиланади. Бу ерда бомба томонидан вайрон қилинган Ураками соборининг вайрон бўлган устуни сақланиб қолган. Аммо умуман олганда, боғ оғир ва даҳшатли таассурот қолдирмайди. Ҳатто атом бомбаси қурбонлари хотирасида ҳам сув ва ёруғлик элементлари уйғун равишда бирлашган. Мериал асосан ер остида жойлашган ва хотиржамлик ҳамда қайғу муҳитини яратади. Юзасида эса бутун боғ бўйлаб жойлашган кўплаб ҳайкаллар ва портлашни бошдан кечирган бир қизнинг шеъри ёзилган тинчлик фаввораси бор. У меҳмонлар қалбига чуқур таъсир қилади.

Бутун боғ бўйлаб жойлашган ҳайкаллар дунёнинг турли мамлакатларидан ҳамдардлик рамзи сифатида совғалардир. Ҳам абстракт, ҳам жуда аниқ тасвирлар мавжуд. Улар орасида, масалан, кулгуч болаларнинг каптарларни боқаётгани акс этган саҳна ҳам бор. Тиззасида ётган боласини ёпаётган яланғоч аёл фигураси ҳам бор. Унинг ҳолати даҳшатга эмас, балки муҳаббатга тўла. Умуман олганда, бутун мажмуа ҳаёт рамзи сифатида ёруғлик ва сувга тўлган.
Замонавий японлар ядро портлашлари ҳақида нима деб ўйлайди?
Бу 1945 йилдаги фожиа хотираси Японияда бугунги кунгача сақланиб қолган деганими? Ҳа, албатта. Бироқ, бу хотира тан олинмайдиган даражада қайта кўриб чиқилган.

Тушуниш қийин, аммо бугунги кунда кунчиқар юрт аҳолиси улар ядро апокалипсисига дучор бўлганликлари билан келишиб, бунинг учун АҚШни айбламайди.
Хиросима ва Нагасаки бомбардимонининг 80 йиллиги арафасида япон ва америка оммавий ахборот воситалари бу мавзуда чиқишлар қилишди. Энг ачинарлиси шундаки, АҚШ бу фожиани юз минглаб японларни қутқарган тинчликпарвар миссия деб эълон қилган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса Хиросима ва Нагасаки ядровий бомбардимонининг 80 йиллиги муносабати билан қилган мурожаатида буни ким амалга оширгани ҳақида уялмасдан жим турди.
Аммо The New York Post газетаси 2025 йил 1 августда шундай ёзган: «80 йил олдин атом бомбаси сон-саноқсиз ҳаётни сақлаб қолди». «Биз бомбадан даҳшатли урушни тугатиш учун фойдаландик, Европа ёки бошқа циник мақсадлар устидан ҳукмронлик қилиш учун эмас». «Атом бомбаси миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган даҳшатли можарода тинчликпарварлик ролини ўйнади».
Ушбу мақола муаллифи бомбардимонлар «юз минглаб япон фуқароларининг ўлимига сабаб бўлган» «совет босқини»ни тўхтатганини ёзади. Яъни, ядро апокалипсиси японлар учун яхшилик деб эълон қилинган. Президент Доналд Трамп ҳам бомбардимонларни маъқуллайди ва ҳатто уларни Эрондаги уруш билан таққослаган.
Замонавий Японияга келсак, у ҳам АҚШни ҳеч нарсада айбламайди. Шу кунларда Японияда Хиросима ва Нагасакидаги ядровий бомбардимонларнинг 80 йиллиги муносабати билан хотира тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Хиросимада сўзга чиққан бош вазир Шигеру Исиба уларни АҚШ амалга оширгани ҳақида ҳеч нарса демади.

Унда ким айбдор? Келинг, японларнинг бу мавзудаги қарашларининг нозик томонларини кўриб чиқайлик. Япония бутунлай АҚШнинг сиёсий назорати остида. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўнлаб йиллар давомида одамларнинг онгига доимий равишда шу фикр сингдирилди: мамлакат иқтисодиётининг урушдан кейинги тикланиши АҚШ иштирокида амалга ошгани сабабли, биз ҳамма нарса учун америкаликларга қарздормиз. Шунинг учун у ерда «катта ака»ни ядровий бомбардимонларда айблашдан қочишди. Бундан ташқари, кўп йиллар давомида жамоат онгига ҳамма нарсада Совет Иттифоқи айбдор деган фикр сингдирилган.
Ҳали ҳам ҳамма япон тарих дарсликларидан япон шаҳарларини ким бомбардимон қилгани ҳақидаги маълумотлар йўқ бўлиб кетмаган. Аммо уларнинг бирида қуйидагиларни ўқишимиз мумкин: «1945 йил 9 августда Совет Иттифоқи бетарафлик пактини бузиб, Японияга хиёнаткорона ҳужум қилди. Нагасакига эса атом бомбаси ташланди». Яъни, СССР Японияни ядро қуроли билан бомбардимон қилган деган тўғридан-тўғри ёлғон йўқ. Аммо мантиқий занжир буни назарда тутади.
Собиқ иттифоқ даврида 11-12 ёшли япон мактаб ўқувчилари ўртасида Хиросима ва Нагасакига ким ҳужум қилгани ҳақида сўров ўтказилган. Кимдир буни Хитой, кимдир эса СССР қилганини айтган. Аммо АҚШни фақат бир неча киши эслаган. Хўш, АҚШга чуқур ҳурмат билан тарбияланган ҳозирги ёшлар ҳақида нима дейиш мумкин?
Шундай қилиб, гўё АҚШ энди юз минглаб японларнинг ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. Бу кулгили кўринади, аммо бунинг учун жавобгарликни СССРга юклашга бир қадам қолди. Ахир, айнан Совет Иттифоқи АҚШ ўз супер қуроллари билан уни қўрқитмаганида Японияни қўлга киритиши мумкин бўлган глобал душман деб эълон қилинган.