Тафовут. 8 йил ичида қанчалик ўзгардик?

Наманган аҳли ҳаракатчан, меҳнаткаш, доим изланишга, янгилик яратишга интилади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам бу ҳолатни алоҳида таъкидлаб, “Наманганда каттаю-кичик доимо ҳаракатда, изланишда юради”, дегани бежиз эмас. Бу ердаги ўзгаришлар кўзга яққол ташланади.

Саккиз йил аввалги Наманган билан ҳозиргисини қиёсласангиз, орасидаги тафовутни бир қарашдаёқ сезасиз. Вилоятга 7 миллиард доллар инвестиция жалб қилинди, 8 мингга яқин корхона ишга тушди. Бу ютуқлар одамлар ҳаётида ҳам акс этмоқда. Чунки камбағаллик 2,5 баробарга қисқарди, аҳоли даромади 3 баробар ошди. Наманганликлар ишбилармонликни ҳаёт тарзига айлантира олди: меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик ҳисобидан даромад топмоқда.

Эндиликда Шўрариқ каби “оғир” маҳаллаларда янги инфратузилма қурилади. Йўллар асфальт қилиниб, маҳалла гузарлари, кутубхоналар, касб-ҳунар марказлари барпо этилади. Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан, жами 320 миллиард сўм берилиб, улар намунали ҳудудга айлантирилади. Бу орқали ҳар бир оила ўз маҳалласида фаровонликни ҳис қилиб, вилоятнинг қиёфаси ўзгаради.

Президент Наманганнинг табиий бойликларига алоҳида тўхталди. Косонсой, Чуст, Поп, Янгиқўрғон каби ҳудудлардаги табиат гўзалликларидан катта иқтисодий самара олиш мумкин. Мастер-режалар, сервис объектлари, экотуризм лойиҳалари орқали бу ҳудудлар 50 минг одам учун янги иш жойига айланади.

Шу билан бирга, 39 минг гектар ер қайта ўзлаштирилгани, адир ерларда боғлар барпо этилгани, балиқчилик кластерлари аҳолининг даромад манбаига айлангани Наманганнинг аграр йўналишда ҳам стратегик устунликка эга эканини кўрсатади.

Вилоят саноатининг учдан бири, экспортининг ярми тўқимачиликка тўғри келади. Бу соҳада халқаро брендлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши, Варшава ва Лондонда савдо уйлари очилиши Наманганни дунё бозорларига олиб чиқадиган янги босқич. Бу орқали 500 миллион долларлик экспорт ҳозирдан реал мақсад сифатида қўйилмоқда.

Сўнгги йилларда Наманганда туризм кескин ўсмоқда. Халқаро гуллар фестивали шаҳарнинг брендига айланган. Аммо олдинда улкан лойиҳалар ҳам турибди. Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм комплекси барпо этилади. Президентнинг “Чортоқни туризм хабига айлантириш” топшириғи бутун водий учун янги саҳифа бўлади.

Давлат раҳбари таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя масаласини ҳам кун тартибига чиқарди. Яқинда Наманган аҳолиси бир миллионли шаҳарга айланади. Бу шароитда боғча ва мактабларни кўпайтириш жуда долзарб экани таъкидланди. Намангандаги 49 та техникумга хорижий стандартларни олиб келиб, уларнинг барчасида дуал таълимни йўлга қўйиш топширилди. Шунингдек, кексалар ва ногиронлар учун хизматлар йўлга қўйилиши инсонпарварлик сиёсатининг амалий кўриниши бўлади.

Президентнинг “Наманганда футбол ҳақида гапирмасак бўлмайди” деган сўзлари чин ҳақиқат. Бу ҳудуддан доим истеъдодли футболчилар етишиб чиққан. Эндиликда “Навбаҳор” футбол мактабини уч йил муддатга Нидерландиянинг машҳур “Аякс” футбол академияси бошқарувига бериш бўйича келишувга эришилди. Ушбу академиянинг 11 нафар мураббий, скаут ва методистлари Наманганга олиб келинади.

Келажакда бу академиядан дунёнинг «топ» клубларида ўйнайдиган, терма жамоамиз шаънини жаҳон чемпионатларида муносиб ҳимоя қиладиган кўплаб футболчилар етишиб чиқади.

Намангандаги ўзгаришлар бугун бутун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидан дарак беради. Халқимизнинг ҳаракатчанлиги ва давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистоннинг қиёфаси бутунлай ўзгармоқда. Бу айниқса, янги иш ўринлари, обод шаҳарлар ва маҳаллалар, оилаларнинг фаровон ҳаётида яққол кўринади.

Л.Турсунов, журналист