Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида болаларга сифатсиз овқат берилгани ҳақидаги хабар тарқалган эди.
Бу ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди. Маълумотга кўра, вилоят Санитария ва эпидемиология жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганилган.
Текширув натижаларига кўра, ошпазлар овқат тайёрлаш технологияларига тўлиқ амал қилмагани ва эътиборсизлик орқали ширин булочкаларни куйдириб пиширгани аниқланган. Бу ҳолат бўйича буюртмачи томонидан аутсорсинг хизматини кўрсатувчи “PROOF FOOD” МЧЖ раҳбариятига расмий огоҳлантириш берилган.
Шу билан бирга, сифатсиз гўшт маҳсулотлари етказиб берилгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаган.
Нуробод туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Санэпидқўмита маълумотига кўра, 30 сентябрдан буён болаларнинг заҳарланиши ёки шундай шикоятлар бўйича ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган.
Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда тарқалган “50 нафар бола заҳарланди” деган хабарлар асоссиз деб маълум қилинди.
Бошқарма блогерлар ва ОАВ вакилларини текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка, фақат расмий манбаларга таянишга чақирди.