Туркий дунё бирдамлиги Ўзбекистонга қандай манфаат келтиради?

Туркий дунё бугун ўз сўзини айтишга қодир, ўз йўлини белгилай оладиган кучга эга. Куни кеча бўлиб ўтган Габала саммитида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Уларнинг баъзилари мамлакатлар раҳбарлари томонидан маъқулланиб, ҳужжатларга киритилди.

Туркий дунё учун дастуриламал

Президент Шавкат Мирзиёев бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўттиз бешдан зиёд йўналишларда амалий ҳамкорлик олиб борилаётгани, мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб, бу кўрсаткич 2030 йилга қадар икки баробар ошиши кутилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон етакчисининг “Янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш” ташаббуси Габала саммитидаги энг муҳим ғоялардан бири бўлди. Унга кўра, туркий давлатлар ўзаро савдо, инвестиция, саноат ва технология соҳаларида ягона экотизим яратиши лозим.

Шавкат Мирзиёев таклиф этган “Туркий давлатлар иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгаш” тузиш ва уни Тошкентда жойлаштириш ташаббуси Ўзбекистоннинг мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Машинасозликдан то “яшил энергетика”гача, қишлоқ хўжалигидан то фармацевтикагача бўлган соҳаларда “Туркий саноат альянси” ғояси эса келажак иқтисодиётининг туркий формуласи сифатида қабул қилинмоқда.

Бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи стратегик аҳамият касб этмоқда. Президентимиз бу йўналишда ҳам муҳим таклифни билдирди: туркий давлатлар органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда жаҳон етакчиларига айланиши мумкин. Шу мақсадда органик маҳсулотларимизни ягона бренд билан жаҳон бозорига чиқариш ғояси илгари сурилди.

Ўрта коридор ҳозирда қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва истиқболли Трансафғон йўлаги билан боғланса, кенг минтақамизда кўп тармоқли, стратегик магистраллар тизими яратилади.

Сунъий интеллект, рақамлаштириш ва креатив иқтисодиёт туркий ҳамкорликнинг янги драйверлари сифатида қайд этилди. Ушбу ташаббус туркий давлатлар учун инновация ва билим соҳасида ягона майдон яратишга имкон беради. Бу эса ёшларимиз учун янги имкониятлар очади.

Габала саммити туркий халқларнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий яқинлашувида янги босқични бошлаб берди.

Ташкилотнинг бизга фойдаси

ТДТ доирасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон учун бир қатор имкониятлар эшигини очади.

Биринчидан, Ўзбекистон географик жиҳатдан ташкилотнинг марказида жойлашган, транспорт коридорларини ривожлантириш биз учун катта плюс. “Ўрта коридор” ва бошқа логистик транспорт йўлаклари орқали товарларни тезроқ, арзонроқ ва хавфсизроқ етказиб бериш мумкин бўлади.

ТДТ давлатлари билан иқтисодий муносабатларни кенгайтириш Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозорлар очади. Маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт ва божхона тўсиқлари камайса, тадбиркорларимизга енгиллик бўлади.

Ҳамкор давлатлар билан биргаликдаги турли саноат лойиҳалари, қўшма корхоналар, технологиялар трансфери Ўзбекистон иқтисодиётига ёрдам беради. Янги иш ўринлари, инновацияларни жалб этиш имкони пайдо бўлади.

Иккинчидан, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, сув ресурслари танқислиги билан боғлиқ муаммолар бор. “Яшил энергетика”, қайта тикланадиган энергия, стратегик минераллар, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби йўналишлардаги ҳамкорлик бу муаммоларга ечим бериши мумкин.

Учинчидан, туркий университетлар, илмий лойиҳалар, адабий меросларни биргаликда тарғиб қилиш Ўзбекистоннинг маданий нуфузини ошириш, олимлар ўртасида малакали алмашинувларни йўлга қўйиш имкониятини яратади.

Тўртинчидан, жаҳондаги беқарорлик, можаролар ва геосиёсий зиддиятлар фонида туркий давлатлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ягона позицияда бўлиш зарурати билан юзма-юз турибди. Минтақавий ва глобал хавфсизлик таҳдидлари шароитида бир-бири билан стратегик ҳамкорлик, хавфсизлик алоқа каналларининг очилиши, ҳамкор давлатлар билан ташкил этилган биргаликдаги машғулотлар Ўзбекистон учун хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим восита бўлади.

Умуман, туркий дунёнинг биродарлиги барча учун катта манфаат келтиради. Агар ҳамжиҳат бўлсак, савдо ҳажмлари кескин ортиб, маҳсулотларимиз туркий давлатлар бозорларига эркин чиқади, логистика харажатлари эса анча камаяди. Ахир, умумий аҳолиси 160 миллиондан зиёд, 4,25 миллион квадрат километр ҳудудни қамраб олган бу ташкилот улкан иқтисодий, маданий ва геосиёсий салоҳиятга эга.

Л.Турсунов, журналист