АҚШ “Роснефть” ва “Лукойл” компанияларига қарши янги санкциялар жорий этди

АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Ташқи активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Россиянинг икки йирик нефть компанияси — “Роснефть” ва “Лукойл”, шунингдек уларнинг 30 дан ортиқ тармоқ корхоналарига нисбатан қўшимча санкциялар киритди.

Вазирлик баёнотида таъкидланишича, чоралар “Россиянинг тинчлик жараёнига жиддий қизиқиш билдирмаётгани” билан изоҳланмоқда. Санкциялар натижасида ушбу компаниялар ва уларга тегишли активлар АҚШ ҳудудида ёки америкаликлар назоратида бўлса, музлатиб қўйилади.

OFAC маълумотига кўра, чекловлар Россия иқтисодиётининг энергетика соҳасида фаолият юритаётган тегишли тармоқ компанияларига ҳам тааллуқли бўлади.

АҚШ Молия вазирлиги, зарурат туғилса, қўшимча чоралар кўришга тайёрлигини билдириб, иттифоқчи давлатларни ҳам ушбу санкцияларга қўшилишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, 15 октябрь куни Буюк Британия ҳам “Лукойл” ва “Роснефть”га нисбатан активларни музлатиш, шунингдек транспорт ва траст хизматларига чекловлар жорий этган эди.

Москва санкцияларни “ноқонуний” деб баҳолаб, Россия иқтисодиёти бундай рестрикцияларга нисбатан “иммунитет ҳосил қилганини” маълум қилган.