Баъзида ўйлаб қоламан, “ўртача” деган сўз қандай пайдо бўлган экан а? Балки энг каттани “жиловлаб”, энг кичикнинг “кўнглини чўктирмаслик” учун “ўртача”ни урфга киритишгандир. Ҳар ҳолда “ўртача” даражада бўлиш анчайин хавфсизроқ. Мақтовни катта кўрсаткичлилар, дашномни эса пастдагилар эшитаверсин. Ҳатто мактабу олийгоҳда ўқиганда ҳам “ўртача”га ҳеч ким индамайди. Ўқи деб ҳам мажбурламайди, аълочи сифатида ҳам ҳеч кимга “кўз-кўз” бўлмайсан. Тинчгина “ўртача” баҳонгни қўйиб бериша қолади.
Мана энди ишхонада ҳам “ўртача”лар қаторида ишлаб юрганингда “ўртача ойлик”, деган бир “сеҳрли” рақам пайдо бўлган. Ҳар ой якунида ҳисобчи қўшиб-бўлиб, айириб, ҳаммага тақсимлаб “ўртача ойлик”ни чиқаради, раҳбар маъқуллайди. Биз ходимлар эса эшитиб ҳайрон қоламиз. Ахир ўртача одам бўлсак, ўртача ишласак, ўртача яшасак, нега ойлигимиз “ўртача” эмас?
Гап шундаки, ишхонамиздаги ишчиларнинг оз эмас, кўп эмас, саксон фоиз қисми 5 миллиондан кам ойлик олади. Ҳаммаси “ўртача” ходим. Аммо ҳар ой расмий статистикада ишхонамизда ўртача ойлик 12-13 миллион кўрсатилиб юқорига ҳисобот юборилади. Ҳайрон бўламиз ҳаммамиз: нега бундай катта ойлик ишхонада “ўртача” қилиб кўрсатилади? Ахир ишчиларнинг энг кўпчилик қисми “ўртача” бўлса, нега ойлиги ўртача эмас? Қизиқ, нега шундай ахир?
Назаримда “ўртача”ни ҳисоблашнинг алоҳида “ўртача” қоидаси бор. Умумқабул қилинган бу формула ҳар битта ташкилоту корхона, раҳбару ишчи, умуман мамлакатдаги ойлик-маошни ўртачасини ҳисоблаш учун ишлаб чиқилган. Мисол учун, раҳбар маоши — 40–50 миллион. Албатта, у раҳбар, унга ўртача ойлик бериб бўлмайди. Ўртача ойлик берилса унинг раҳбарлиги қаёқда қолади? Қолаверса, раҳбар ҳам ўртача олса “ўртача ойлик”ни қандай ҳисоб-китоб қилиб чиқариш мумкин?! Раҳбар ўртача ойлик олса, ишхонанинг девори ҳам титраб қолади. Раҳбарнинг ўзи ҳам ухлай олмаса керак, “ўртача ойлик”ни қанча деб кўрсатаман деб.
Ўринбосар ҳам “ўртача” эмас. Шунинг учун ойлиги — 25 миллион. Унга ҳам кам ойлик бериб бўлмайди, ахир у раҳбарнинг ҳамма сир-асрорларини билади. Билиши майли, лекин “ўртача ходимлар кимлар”, деб юқоридан сўраб қолишса ўринбосарни кўрсатиб бўлмайди, ахир. Шунинг учун ҳам “ўртача”дан юқори ўринбосарнинг ойлиги ҳам шунга яраша бўлади-да.
Хўш, энди котибанинг ойлиги — 20 миллион. У “ўртача” ходимлар таркибига киради-ку, дейишингиз мумкин. Лекин у раҳбарлар билан “прямой” муомалада бўлади. Барча қоғозлар, имзолар унинг қўлидан ўтади. Раҳбар олдига ким кириши, ким кирмаслиги, қайси хабар билан хурсанд қилиш мумкинлигини ҳам шу билади. Демак, мантиқан олиб қарайдиган бўлсак, у ҳам “ўртача”дан анча баландда турадиган ходим. Албатта, маоши ҳам шунга монанд-да.
Қолган 40-50 нафар ходим 4-5 миллиондан маош олади. Ўртача ходим-да булар. Улар ишламаса ишхонада иш юрмайди. Эрта келиб кеч кетишади, тушликни ҳам ўз ҳисобидан қилади. Аммо статистикада уларнинг ойлиги икки бараварга тенг қилиб кўрсатилади: 12-13 миллион. Ана, холос. Мана шу ерга келиб мантиқ чалкашиб кетади. Раҳбару ўринбосарлар, яни ўртачадан юқори ходимлар ойлиги ўртачадан анча юқори экан, нега “ўртача” ходимлар ўртачадан анча паст – 4-5 миллион ойлик олади? Ахир, ойлик ҳисоботга ишонилса, ишхонамизда ўртача ойлик 12 миллион-ку!
Тағинам ҳисобчининг ўзи қанча олади – ҳеч ким билмайди. Кадрлар бўлими бошлиғи бир йилда неча марта “ёрдам пули” олади — буни ҳам биров билмайди, “ўртача”ни ҳисоблашга кирмайди. Аммо 12 миллион деган рақам ҳаммани ўйлантиради.
Ходимлардан бири ҳазил қилиб дейди: “Биз ойига 5 миллион оламиз, ҳисоботда эса 12 миллион чиқяпти. Қолган 7 миллиони қаерга кетяпти? Балки “бахт фонди”га тушиб қолгандир? Яна бири қўшиб қўйди: “Ўртача ойлик” дегани шундай: раҳбарнинг маоши тепага тортади, бизнинг маош пастга туширади. Орасида эса “ўртача” рақам пайдо бўлади. Лекин ўртада турган одамнинг ўзи йўқ. Хуллас, тортишув ва баҳслар тинмайди. Ҳеч ким жўяли бир изоҳ бермайди.
Ишхонада ҳисоботлар шундай гуллаб-яшнайди, рақамлар кўркам. Ҳаётда эса ходимлар топганини ҳисоб-китоб қилиб яшайди.
Дарвоқе, яқинда бунинг сирини топгандек бўлдим. Ахир, “ўртача” ходимлар ойлигини ҳам ўртача қилиб қўйса, унда ишхонадаги ўртача ойликни қандай чиқариб бўлади? Шунинг учун ҳам кўп бош қотиравермасдан қоғоздаги “ўртача ойлик 12 миллион” деган гапни камида ярмига қисқартириб, мияда аниқ рақамни чиқариб юраверган яхшиёв…
Ҳа, кеча бир воқеа бўлди. Хотиним доимгидек тушликка тайёрлаб берган картошка қовурмани ейиш учун контейнерчам қопқоғини очишим билан бошлиқ чақириб қолди, ходимларнинг ўртача иш юкламасини ҳисоблаш керак экан. Зипиллаб раҳбар хонасига киришим билан столга кўзим тушди, энди тушликни бошлаётган экан: думба ёғда яхшилиб қовурилган гўшт. Демак, ишхонамизда ҳамма тушликда маза қилиб қозон кабоб тановул қиляпти экан бугун.
Уч нуқта
