9-10 декабрь кунлари Ерда G2–G3 даражасидаги кучли магнит бўронлари кузатилиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институтининг Қуёш астрономияси лабораторияси хабар берди.
Мутахассисларга кўра, энг кучли таъсир 9 декабрь куни тушдан кейин юзага келиши кутилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, магнит майдонидаги бузилишлар 11 декабргача давом этиши мумкин. Қуёш чақнашлари доимий кузатилади, бироқ уларнинг фақат оз қисми Ерга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.
Ерга охирги кучли зарба тахминан бир ой олдин, 12–13 ноябрь кунлари содир бўлган бўлиб, ўша пайтда G4 даражасидаги магнит бўрони қайд этилган. Шунингдек, 1 декабрда кузатилган Х синфидаги чақнашнинг плазма булути Ерга ёнма-ён тарзда тегиб ўтган ва натижада G даражасига яқин геомагнит фаоллик кузатилган эди. Ҳозирги кутилаётган бўрон кучи ҳам тахминан шу даражада бўлиши мумкин.
Мутахассислар ҳозирча салбий оқибатлар бўлиши эҳтимоли пастлигини билдирган. Магнит майдонидаги ўзгаришлар ва электромагнит бузилишлар 11 декабргача давом этиши кутилмоқда.
