Экоҳудудларда туристик сўқмоқларни ташкил қилиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 2025 йил 10 декабрдаги 778-сон қарори билан “Экоҳудудларда туристик сўқмоқларни ташкил қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, давлат қўриқхоналарининг буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар, ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, шунингдек тоғли ва чўл ҳудудларида туристик сўқмоқлар ташкил этиш тартиби белгилаб берилди.

Балансда сақловчи ташкилот туристик сўқмоқни ташкил қилиш учун авваламбор Туризм қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига ариза билан мурожаат қилади. Аризага сўқмоқ ҳақида маълумотнома, харита, фото ва видео тасвирлар илова қилиниши шарт.

Тушган ариза 10 иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳудудий бўлинма жойига чиқиб, сўқмоқ белгиланган талабларга жавоб беришини ўрганади ва 2 нусхада далолатнома расмийлаштиради.

Шундан сўнг ҳудудий бўлинма ҳужжатларни Туризм қўмитасига юборади. Қўмита 2 иш куни ичида уларни кўриб чиқиб, туристик сўқмоқни Туристик сўқмоқларнинг ягона реестрига киритади. Реестрга киритилган сўқмоқ расман ташкил этилган ҳисобланади.

Балансда сақловчи ташкилот туристик сўқмоқ реестрга киритилган кундан бошлаб 1 ой ичида кириш нуқтасига паспорт, харита ва белгиланган ахборот белгиларини ўрнатиши лозим.