Маълумки, президентнинг тегишли фармонига асосан янги йилда барча ходимлар (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) кетма-кет 5 кун дам олади. ССВ ушбу саналарда мамлакат тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлаши, қайси шифо масканларида қандай профилактик-тиббий хизматлар кўрсатилиши ҳақида изоҳ берди.
Қайд этилишича, аҳоли асраш, хусусан, байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунларда тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилган.
31 декабрь – 4 январь кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 20 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Қўшимча ўринлар ва дори-дармонлар захираси яратилган. Бундан ташқари, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.
