Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасига ташриф буюриб, пойтахтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиш ўтказмоқда.
Йиғилишда Тошкент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилинди. Хусусан, прокуратура, ички ишлар, хавфсизлик, гвардия, суд, адлия, божхона ва солиқ идоралари раҳбарлари мавжуд ресурс ва имкониятларга қарамасдан, пойтахт учун намуна бўла олмаётгани қайд этилди.
Президент таъкидлашича, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда асосий бўғин ҳисобланган маҳалла профилактикаси Тошкентда тўғри йўлга қўйилмаган. Профилактика инспекторлари жиноятчилик билан ишлаш ўрнига коммунал қарздорлик, алимент ундириш, армияга чақирув каби вазифаларга жалб этилаётгани сабабли маҳаллаларда уларни топиб бўлмаётгани айтилди.
Шунингдек, тергов ва суриштирув фаолиятида сифат йўқлиги танқид қилиниб, ўтган йили ходимлар малакаси етишмагани учун 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмай, ҳисобдан яширилгани маълум қилинди.
Расмий ҳисоботларда жиноятчилик камайгани қайд этилган бўлса-да, шаҳарнинг 26 та маҳалласи “қизил”, 465 таси “сариқ” тоифада қолгани айтилди. Айрим туманларда, жумладан Чилонзор, Юнусобод, Яшнобод, Миробод, Олмазор ва Шайхонтоҳурда жиноятчилик кўрсаткичлари юқори эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Р. Султонхўжаев ва шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А. Ўрмоновнинг иш фаолиятини ҳам танқид қилиб, уларга “ҳайфсан” берилгани ва олти ойлик синов муддати тайинланганини маълум қилди.
Шунингдек, бозорлар ва гавжум жойларда хавфсизликни таъминлаш бўйича идоралар ҳамкорлиги етарли эмаслиги, ўтган йили бозор ва паркларда 87 та жиноят, шаҳарда эса 774 та ёнғин содир бўлгани қайд этилди. Бозорларни рақамлаштириш ишлари суст кетаётгани ҳам танқид қилинди.
Йиғилиш якунида тизимдаги муаммолар учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги кучайтирилиши, масъул вазир ўринбосари Б. Абдуллаев ва республика профилактика бошлиғи Х. Қодиров ишдан озод этилгани маълум қилинди.
