ИНСОН УМР КУШАНДАСИМИ? ОЛИМЛАР ВАҚТ СИРИНИ ОЧИШДИ

Инсон ёши улғайгани, тириклик онлари ниҳоялаб боргани сари вақт билан ҳисоблашиб яшашга тиришади. Вақт илгарига қараганда биздан одимлаб кетаётгандек кўнгилга ёқимсиз бир ғашлик ва бўғиқ ҳадик ҳисини уфуриб туради. Аслида ҳам шундай, бунинг айрим асосий сабаблари бор. Қуйида биз ана шу сабаблар билан юзлашамиз.

Иллюзия ёхуд ҳақиқат

Коинотшунослик бошқа олам, руҳшунослик бошқа олам. Шунинг учун руҳшунослар фикрини олимлар назарияси билан қориштириб юбормаслик тўлақонли мақсадга мувофиқ бўлар эди. Хуллас гапнинг индаллоси бундай, психологларнинг фикрича, вақтнинг тез ўтиши инсон ёшининг каттариши билан боғлиқ экан. Бу унинг ички олами ва мия фаолиятида ўз аксини топади.

Мутахассисларнинг айтишича, инсоннинг ёши каттаргани сари унинг мия фаолияти сустлаб, бажара олиш коэффициенти секинлашади. Яъни, 4 ёшли бола 1 сонияда идрок қила олган ҳодисани 60 ёшли кекса икки карра кўпроқ вақт давомида онг остига қабул қилади. Ваҳоланки, болакай учун кекса инсон сарфлаган вақт узун, кекса одам учун жуда қисқа туюлади. Бундан ташқари бажарилажак ишларнинг кўплиги, шошиш эмоцияси ва бошқа шу турдаги инсонни тажанг ҳолатга келтирадиган вазиятлар шахс онг остига «вақт жуда тез» деган иллюзияни сингдира боради.

Ер гўё терс айланди

Энди эса асосий мавзу – руҳшунослик назариясидан четлаб, коинот тадқиқотларига юзланиб кўрайлик. Олимлар Ерда вақт ўлчов майдони бор эканлигини тан олишади, аммо вақтнинг тезлашуви ёки секинлашуви айнан қайси омилга боғлиқлиги ҳақида иккиланишади. Шунга қарамай тадқиқотчиларда ҳақиқатга анчайин яқин бўлган тахминлар ҳам йўқ эмас.

Олимлар охирги 4 йил ичда, яъни 2020 йилдан буён Ердаги вақт секинлашганини аниқлашдилар. 2019 йилга қадар сайёрамизда кун ва тун «шувуллаб» ўтаётган, том маънода инсонлар вақтга қўшиб ҳаёт тарзларини ҳам деярли назоратдан чиқаришаётган эди. Олимларнинг айтишича, вақтнинг ўтиши Ернинг қуёш атрофида қанчалик тез ва секин айланишига боғлиқ экан.

Масалан бир неча миллион йиллар олдин Ер юзида бир сутка ҳозирги 19 соатни ташкил этган. Эрамиздан аввалги 20 минг йил давомида ер қуёш атрофида жадаллик билан айланар эди, бунинг сабаби эса, ердаги силкинишлар бўлиб, Ер сайёрасида қанчалик кучли силкиниш бўлса, унинг айланиши шу қадар тезлашарди, оқибатда вақт ҳам жадаллаб бораверади. Охирги музлик даври тугагач, қутб музларининг эриши сирт босимини пасайтирди ва Ер автоматик тарзда Қутбга қараб айлана бошлади.

Асрлар давомида Ернинг айланиши Ой томонидан бошқариладиган тўлқинлар билан боғлиқ ишқаланиш таъсири туфайли секинлашди. Бу жараён ҳар асрда ҳар бир куннинг давомийлигига тахминан 2,3 миллисекунд вақт қўшиб бораверди.

Вақтни инсон қўллари қисқартиряптими?

Аммо, қарийб сўнгги бир аср давомида юз бераётган иқлим ўзгаришлари Ернинг айланиш фаолиятига яна таъсир ўтказишни бошлади. Содир бўлган катта зилзилалар куннинг узунлашувига ғовлик қилди. Мисол учун 2011 йилда Японияда содир бўлган 8.9 магнитулдаги Тохоку зилзиласи Ер айланишини тахминан 1.8 микросекунд тезлаштиргани исботланди.

Икки ҳафта ёки бир ойлик тўлқин цикллари босими сайёра бўйлаб массани силжитади, натижада тезлашган Ер вақтдан 2 миллисекунд олиб ташлайди. Мана шундай босимларнинг содир бўлиши эса, бевосита музликларнинг эриши ортидан Океанларнинг тўлиши, ерлар қазилиб катта ғоваклар пайдо бўлиши, зилзилалар ва бошқа инсон томонидан амалга ошириладиган табиаткушандаликка боғлиқ бўлиб қолади.

Энди юқоридаги тўхтамга қайтсак, нега сўнгги 4 йил ичида вақт оқими секинлашди? Олимлар бу ғайритабиий ҳодисанинг жавобини топа олмай ҳалак. Радиотелескоп кузатувлари сўнгги йилларда Ердаги чайқалишнинг камайганини кўрсатмоқда. Олимлар эса бу ғайритабиий ҳодисанинг мағзини чақиш билан банд.

Нилуфар Убайдуллаева