АЙДАРКЎЛНИ ҲАМ ОРОЛНИНГ ҚИСМАТИ КУТЯПТИ… МИ?

Она табиатимизнинг яна бир бетакрор мўъжизасини Оролнинг аянчли тақдири кутаётганга ўхшайди. Охирги 15 йил давомида бу ерда сув 5,2 кубокилометрга камайгани айтилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Айдар-Арнасой ва Тузкон бирлашган кўллари тизими катталиги бўйича Марказий Осиёда тўртинчи ўринда турар экан. Ушбу кўлларда тўпланган сув мамлакатимизнинг барча сув омборларидаги обиҳаётдан икки марта ортиқ. Айдар-Арнасой кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 190 км., ўртача кенглиги 21 км. дан иборат бўлиб, энг чуқур қисми 30 метрни, ўртача чуқурлик 7 метрни ташкил этади.

Афсуски, ушбу кўллар тизимида охирги йилларда сув сатҳининг пасайиши ва сувнинг тузланиш даражаси ошиши кузатилмоқда. Бугун Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сув ҳажми 36,8 кубокилометрни ташкил этмоқда.

Шўр сувда  йўқолаётган ҳаёт

Бугун вазият шу даражага бормоқдаки, фақат кўл эмас, кўл билан бирга бу ерда ҳаёт кечираётган наботот ва ҳайвонот олами ҳам ҳалокатга юз тутади. Уларнинг ичида «Қизил китоб»га киритилганлари ҳам бор. Шунинг учун бу ерга сайёҳлар, камёб ҳайвон ва қушларни ўрганувчи мутахассислар тез-тез келиб туришади. Бундан 20 йил илгари кўл ҳудудида 37 турдаги 192 мингта қуш рўйхатга олинган бўлса, бугунги кунда сув ўтлари ва балиқлар билан озиқланадиган 20 турдаги қушлар бор ва уларнинг сони йилдан-йилга камайиб бормоқда. Шулардан жингалак сақоқуш, оқбош ўрдак, олақанот ўрдак, қиронқора, узунқуйруқ сув бургути, тасқара, йўрғатувалоқлар йўқолиб кетиш арафаси турибди.

Айдаркўлга ҳар йили январь­март ойларида 400 га яқин қуш турлари қишлаш учун учиб келишади. Шулардан 13 турдагиси халқаро, 24 турдагиси эса маҳаллий «Қизил китоб»га киритилган. Лекин, афсуски, кўл ва кўл атрофидаги экотизимнинг ўзгариши бу қушларнинг ҳам йўқолиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Мана шундай бетакрор жонли табиатнинг йўқолиб боришига асосий сабаб сувдаги минераллашувнинг тобора ошиб бориши ва шўрланишнинг меъёрдан юқорилигидир. Чунки бу ҳудудда табиат мувозанатини сақлаб турган энг катта омил бу – кўл сувининг наботот ва ҳайвонот дунёси яшаши учун қулай бўлишидир. Сувнинг меъёрдан кўп миқдорда тузли бўлиши, турли минералларнинг ошиб бориши биринчи навбатда сувдаги жонзотлар қирилиб кетишига сабаб бўлади. Бунинг оқибатида эса ҳаёт кечириши сувдаги жонзотларга боғлиқ барча паррандаю даррандаларга ҳам қирон келади. Аста-секинлик билан атроф муҳит флорасига путур етади, табиатнинг олтин мувозанати издан чиқади.

Хўш, кўл сувининг шўрланишига нима сабаб бўлмоқда, муаммонинг илдизи қаерда?

Зарар миқдори тобора катталашади

Айдар-Арнасой кўллар тизими Қозоғистоннинг «Чордара» сув омбори, маҳаллий коллектор ва дренажларнинг оқава сувларидан тўйинади. Сўнгги йилларда «Чордара» сув омборидан кўлларга сув ташланиши кескин камайиши, шунингдек, Сирдарё ўзанидан кириб келадиган чучук сувнинг барчаси суғориш ишларига йўналтирилиши кўлдаги яхлит экотизим ўзгариши ва сувнинг юқори шўрланишига олиб келмоқда.

– Маълумотларга кўра, Айдар-Арнасой кўллар тизими сув ҳажми 2006 йилга нисбатан 42,1 кубокилометрдан 36,7 кубокилометрга ёки 5,4 кубокилометрга камайган, бу эса сув сатҳининг 1,5 метрга пасайишига ва сув­нинг минерализация даражаси 2004 йилга нисбатан 2 баравар кўпайишига олиб келган, – дейди Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ахборот-таҳлил маркази раҳбари Шамсиддин ҚУРБОНОВ. – Бу эса айни пайтда бир қатор экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, бугунги кунда Арнасой сув омборини тўлдириш ва Жиззах вилоятидаги ушбу сув омборига боғланган 56 минг гектар суғориладиган ерлар сув таъминотининг пасайиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Сўнгги йилларда кўлнинг охирги қисмларида минерализация даражаси 12-15 г/л га етганлиги натижасида сувда балиқ ва сув ўтлари камайиб кетиши кузатилмоқда. Шунингдек, йиллар давомида кўллар тизимига тоза сув кирмаганлиги сабабли шўрланиш даражаси ошиб, балиқларнинг табиий кўпайишига ҳамда флора ва фаунага салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, мавжуд вазият ушбу ҳудудда туз ва чанг кўчишининг кўпайишига олиб келади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Айдар-Арнасой кўллар тизими атроф-муҳитга минтақавий миқёсда салбий таъсир кўрсатади. Бу нима дегани? Маълумки, Айдар-Арнасой кўллар тизими асосан чучук сув ва ерости сизот сувларининг йиллар давомида тўпланишидан ҳосил бўлган. Кўлга чучук сув Қозоғистоннинг «Чордара» сув омборидан ҳамда Сирдарёдан келиб туради. Аммо келтирилган рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, чучук сув ҳамжи йилдан-йилга камаймоқда. Оқибатда кўлга фақат сизот сувлар, ердаги турли хил минераллар билан обдан тў­йинган сирқиндилар йиғилмоқда. Кўл сувининг минераллашуви, шўрланиш даражаси тобора ошиб, сувдаги балиқлар ҳамда бошқа жониворлар яшаши учун хавфли ҳолатга яқинлашмоқда.

Мутахассислар таҳлилларига эътибор қаратайлик: Давлат экология қўмитаси қошидаги Аналитик назоратга ихтисослашган марказ томонидан ўтказилган лаборатор таҳлиллар натижасида, Айдар-Арнасой кўллар тизимида сувнинг қаттиқлиги белгиланган меъёрлардан 12,5-19,28 баробар юқорилиги, сувнинг минераллашуви 12,0-16,5 г/л, сувда эриган кислород миқдори меъёрдан пастлиги (2,0-3,3 мг/л) аниқланган.

Маълумки, юртимиздаги асосий сув манбалари трансчегаравий хусусиятга эга бўлган Амударё ва Сирдарё дарёлари билан узвий боғлиқ. Ички кўллар сув сатҳидаги ўзгаришлар ҳам мазкур дарёларнинг йиллик сув ҳажми билан узвий боғлиқлигини ҳисобга олсак, бу масаланинг ўта долзарблиги яққол намоён бўлади. Шу боис ҳам Рамсар Конвенциясида аҳдлашувчи томонлар ушбу ҳужжатдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш бўйича, айниқса, сув-ботқоқ ерлар бирдан ортиқ аҳдлашувчи томонлар ҳудудларида жойлашган бўлса ёки сув тизими бирдан ортиқ аҳдлашувчи томоннинг ҳудуди таркибида бўлганда, бир-бирлари билан маслаҳатлашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Агар вақтида чора кўрилса…

Айдар-Арнасой кўллар тизими сув ҳавзасида шўрланиш даражасининг олдини олиш, экотизимни барқарор сақлаш учун йилига ўртача 1,8-2,5 миллиард кубометр ҳажмда чучук сув кириб келиши талаб этилади. Бу миқдордаги сувни Чордара сув омборидан олиш бўйича Рамсар Конвенцияси талаблари асосида музокаралар ўтказиш керак. Дарвоқе, муаммони вақтида ҳал қилиш учун бугун жиддий амалий ҳаракатларни бошлашимиз лозим.

Халқимизда кўр ҳассасини бир марта йўқотади, деган мақол бежиз айтилмаган.

Leave a comment

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *