Сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг маҳаллий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” газеталарида бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди.
Шунингдек, сайловолди ташвиқоти даврида Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари қуйидаги тартибда амалга оширилади:
биринчи – Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод – Нарзулло Обломуродов;
иккинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод – Мақсуда Ворисова;
учинчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод – Шавкат Мирзиёев;
тўртинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод – Алишер Қодиров;
бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод – Баҳром Абдуҳалимов.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорига асосан, Оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиши, янгиликлар дастурларида ва бошқа ахборот материалларида номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя қилиши, бепул ажратилган эфир вақти ва нашр майдони доирасида эфирга узатилаётган ҳамда чоп этилаётган сайловолди ташвиқоти материалларини улар сайловолди ташвиқоти материаллари эканини қайд этиб бориши белгиланди.