Қаршида «пешеход»дан ўтаётган йигитни уриб кетган «Lacetti» ҳайдовчисига жиноят иши қўзғатилди
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 18 сентябрь куни «Lacetti» машинаси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган йигитни уриб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчасида 18 сентябрь куни соат 12:05 атрофида ҳайдовчи Ж.Ш. «Lacetti» автомобилида ҳаракатланаётиб, пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган фуқаро Ш.Х.ни уриб юборган.
Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланувчи оғир тан жароҳати билан шифохонада вафот этган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.