15,3 миллиард сўмлик парфюмерия воситаларининг сохта транзитини фош этилди

Давлат божхона қўмитасининг тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда республика ҳудудига транзит равишда олиб кирилиб, қўшни давлатга олиб чиқилиши режалаштирилган товар-моддий бойликларни ички ҳудудда тушириб қолдирилганлиги фош қилинди.
Бирлашган Араб Амирликларидан юк автотранспорт воситасида келтирилаётган, ҳужжатларга кўра 48 минг 341 АҚШ доллари қийматидаги салкам 26 тонна оғирликдаги парфюмерия воситалари дастлаб Бухоро вилояти божхона бошқармаси “Олот” чегара-божхона пости орқали республикамиз ҳудудига кирган.
Транзит тарзида ҳаракатланаёган мазкур юклар қўшни давлатга чиқиши учун Фарғона вилоятидаги “Ўзбекистон” чегара божхона постига йўналтирилди.
Тезкор маълумотлар асосида мазкур юк автотранспорт воситаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудида божхона ходимлари томонидан тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, тегишли ҳужжатларга мувофиқ автомашинага ортилган парфюмерия воситаларининг катта қисми йўл давомида тушириб қолдирилганлиги маълум бўлди.
Олиб борилган тезкор-қидирувдан сўнг парфюмерия товарлари пойтахтимизнинг Сергели туманидаги омборлардан бирига ноқонуний равишда тушириб қолдирилганлиги аниқланди.
Мазкур тезкор тадбир натижасида сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 95 минг 577 дона парфюмерия воситаларининг яширин айланмасига чек қўйилди.
Қиймати салкам 15,3 млрд. сўмни ташкил қилган мазкур товарларнинг эгаси аниқланиб, ушбу шахсга нисбатан тегишли процессуал хужжатлар расмийлаштирилди.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Leave a comment

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *