Ўзаро мулоқот вақтида маданиятдан четга чиққан ГАИ ходимига «ҳайфсан» жазоси қўлланилди

Ижтимоий тармоқларда «Тошкентда оёғи ердан узилган сўконғич ГАИ ходими» сарлавҳаси остида ведио тарқалган эди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси томонидан берилган маълумотларга кўра, ушбу воқеа жорий йилнинг 25 август куни соат 11:00 ларда содир бўлган. Аниқланишича, Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Нукус-Миробод кўчалари кесишган чорраҳада ЙПХ ходими Ш.Бекназаров томонидан «Некция-3» русумли автомобил ҳайдовчиси тўхтатилган. Автомобил салонида йўловчилар бўлганлиги сабаб карантин талаблари асосида тиббиёт ниқобини тақиб олиши кераклиги бўйича ҳайдовчига ЙПХ ходими томонидан тушунтириш берилган.

Ведиода ўзаро мулоқот вақтида ходим муомала маданиятидан четга чиққанлиги акс этган бўлиб, ушбу ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан хизмат текширувлари ўтказилаётган эди.

Хизмат текшируви хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган «Йўл-патрул хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги Низом» ҳамда Ички ишлар вазирининг меъёрий буйруғи талабларини бузганлиги учун Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими Ш.Бекназаровга «Ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилиши белгиланди.