Саакашвили Грузияда: ҳукумат буни билмаслигини айтди

Собиқ Грузия президенти Михаил Саакашвили ўз видеобаёнотида ўзининг саккиз йилдан сўнг ниҳоят уйига қайтганини маълум қилди. Аммо Грузия ИИВ вакиллари журналистларга берган интервюсида буни рад этди.
Саакашвили ўзининг қайтишини изоҳлар экан, “Грузияда соф демократия шаклланишига умид қилиб келган”ини айтди.

Украинада Ислоҳотлар миллий кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллаб турган Михаил Саакашвили 2 октябрга Тбилисига чипта сотиб олганини айтган эди. Айнан шу куни мамлакатда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтади. Сиёсатчига кўра, ҳатто Грузия расмийлари уни қамоққа ташлаган тақдирда ҳам, “грузин халқи ўзининг собиқ президентини озод қилади”.

У 2013 йилда ваколати тугагандан сўнг, дарҳол Грузияни тарк этди ва Тбилиси суди томонидан иккита жиноят иши – хизмат ваколатларини ҳаддан ошгани ва ёмон мақсадда фойдалангани учун уч ва олти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.