Чилонзор тумани Лаби ҳовуз кўчасида ноқонуний тарзда дарахтлар кесилиши юзасидан маълумот бергандик.
Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати Экология, Экопатрул ва ИИБ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат ўрганиб чиқилгани, ўрганишлар натижасига кўра, хабарда кесилгани айтилган дарахтлар табиий омиллар таъсирида қуриб қолгани, инсон ҳаёти ва мол-мулкига хавф солгани, энг қизиғи, шу хулосалар билан туман ҳокими қарорига мувофиқ қонуний тарзда кесиш ишлари амалга оширилганлиги маълум қилинган.
Мазкур ҳолат биринчи марта эмаслигини инобатга оладиган бўлсак, ўзи , Экобошқарма қандай тузилма экан? Асосий мақсади атроф-муҳит экологиясини муҳофаза этишми ёки ўзи бош бўлиб, зарар етказишми, деган ҳақли саволлар туғилади.
Мисол учун, Сурхондарёнинг Денов туманидаги вазиятни келтириш мумкин. Ўшанда ҳам Экобошқарманинг вилоят бўлими ҳисобни яширган эди. Келтирилган зарар 65 млн қилиб кўрсатилган дастлабки ҳолат ўрганилганида, ҳисоб атай жиноят иши қўзғатилмаслиги учун камайтириб кўрсатилгани, аслида эса 329 млн сўм экани аниқланган эди.
Халқимизда «қози ўғри чиқса, додингни кимга айтасан?» деган мақол бор. Хўш, зарар кўраётган табиатни «ўғри қозилар»дан ким ҳимоя қилади, бу савол ҳануз очиқ қолмоқда.