Кеча телеграм каналимиз орқали Ғузор туманидаги бозорда оммавий жанжал содир бўлгани, ҳолат юзасидан тарқалган видеони ИИБ ўрганаётгани ҳақида хабар бергандик.
Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси дастлабки ўрганиш ишлари натижаси бўйича ахборот берди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 2 октябрь куни соат тахминан 09:00ларда фуқаро Т.А. Ғузор тумани «Буюк карвон йўли» маҳалласида жойлашган қурилиш моллари савдо дўконида савдо-сотиқ билан шуғулланиб турган вақтида, шу жойда қурилиш моллари сотиш билан шуғулланувчи фуқаро Э. Ш. билан мижозни устидан тортишиб, жанжаллашиб қолган.
Шу куни тушликдан сўнг соат 16:00ларда фуқаро Э.Ш. тоғаси Т.Р.ни чақириб, қурилиш моллари бозорида Т.А.ни уриб, тан жароҳати етказган. Натижада Т.А. олган тан жароҳати сабабли туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Э.Ш. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.