«Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб— тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас»– деган эдилар жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тарихдан маълумки, мактаб–таълим маскани бўлиб, унда кўпинча зодаганлар, зиёлилар ўқиш имкониятига эга бўлган. Ёзувчи Садриддин Айнийнинг «Эски мактаб» қиссасидаги барча ҳолатлар ўтмишдаги мактаблар тизимини аниқ тасвирлаб берган.
Шу вақтгача таълим маскани дея қаралиб келган мактаблар ҳақида бугунги кунга келиб фикрлар бироз ўзгаргандек назаримда.Сўнгги вақтларда ОТМ га кириш учун тайёргарлик кўраётган ёшларимиз онгида «Репетитор» деган сўз шаклланиб қолди. Аслида пул сарф этиб, бориладиган тўгараклардаги билимлар мактабда ҳам берилади. Лекин ўсмир ёшлар, ўқувчиларнинг кўпчилиги мактабдан томонидан бериладиган билимни олишни хоҳламайди.
Ёшлар орасида мактаб шунчаки форма талаб этиладиган ёки давомат учун бориладиган жойдек бўлиб қолмоқда. Мактаб билим берадиган бошланғич пойдевор эканлигини биламиз. Бу пойдевор мустақил қурилмадими, демак, кейинги таълимдан катта умидларни кутишимиз ҳам ўринсиздир.
Яқинда укам биринчи синфга қабул қилинди. Мактабга бормасдан олдин уни қизиқтириш учун мактабни жуда ҳам бошқача таърифлаб бергандим. Катта иштиёқ билан мактабга қадам ташлаган боладан : «Мактабда менга совға беради деган эдингиз. Ҳалиям сумка беришмади. Телевизордан демак бизни алдашар экан-да», деган гапларини эшитиб, очиғи нима дейишни билмай қолдим. Чунки баъзи вилоятларда 1-синф ўқувчилари учун берилиши керак бўлган мактаб сумкалари кечикиб келганлигини биламиз.
Умуман олганда, пандемия юртимизнинг турли соҳаларига салбий таъсир кўрсатгани каби таълим тизимини ҳам четлаб ўтмади. Масофавий таълим шароитида ўқишга мажбур бўлинган вазиятда кўпчилик ота-оналар фарзандларига мобиле телефонлар, компютерлар олиб берган, албатта. Лекин бу билан ҳеч қандай фактга таянмасдан айта оламанки, ўсмирларнинг, мактаб ўқувчиларининг билимга бўлган салоҳиятини сусайтириб қўйди.
Ахборот асрида яшаётган бир даврда технологиялардан фойдаланиш нотўғри демайман, бироқ қандай мақсадда фойдаланиш жиҳатидан фарқ қилиши турган гап. Қуш икки қаноти бўлмаса, уча олмагани каби, боланинг комил инсон бўлиб шаклланишида таълим ва тарбияни ҳам бир-биридан ажратиб бўлмайдиган тушунчадир. Бу борада оддий аҳолини, ота-оналарни фикрини билишга ҳаракат қилиб кўрдим.
Исм-фамилясини ошкор этишни хоҳламаган бир фуқаро шундай жавоб қайтарди:– Икки нафар фарзандим билан ёлғиз яшайман. Балки мени моддий жиҳатдан ёрдамга муҳтож эканлигим учунми, мактабларда «йиғди-йиғди» кўпайиб кетаётгандек. Бир қарасангиз, синф ремонти учун, бир қарасангиз, қайсидир байрам учун, ўқитувчининг туғилган куни учун, синфга янги парда олиш учун…
Бу ҳолат кучайса, кучайяптики, лекин ҳечам тўхтамаяпди. Билмадим, бу ҳолат яна қачонгача давом этади…Дунёда таълим тизими бўйича Япония давлати биринчи ўринда туришини биламиз. Шу ўринда Япония мактаб таълимининг афзаллиги нима деган савол кўпчиликда туғилиши табиий ҳол, албатта.
Эътиборимни тортган жиҳати шундаки, Японияда ҳар бир ўқувчи 1-синфдан бошлаб бирор чолғу асбоби чалишни ўргана бошлайди. Мусиқа асбоблари ҳар бир ўқувчига етади. Бошланғич синфни битиргунга қадар камида бир ёки иккита чолғу асбобини чалишни ўрганиш шарт. Болалар нота билан бемалол ишлай олади. Спорт ва мусиқага қизиқиш юқори бўлгани сабабли, бу фанлардан тўгараклар мунтазам олиб борилади.
Мактабда ўқиган пайтимда устозимизнинг симлари шикастланиб кетган, қўлимиз билан ушлаб кўриш армон бўлиб қолган рубоблари бор эканлигини, бизга унда фақатгина ўзлари куй чалиб беришларини яхшигина эслайман. Бундан ташқари, японлар китобхонликка катта эътибор қаратади. Бошланғич синф ўқувчиси ҳафтада 2 та китоб ўқийди. Кутубхона формулярини ўқувчи ўзи тўлдиради. Вақти-вақтида кутубхоначи муҳр босиб қўяди. Бошланғич синфлар учун ўқиш фанининг айрим дарслари кутубхонада ўтилади. Мактаб кутубхонаси китоблар, газета ва журналлар билан давлат буджети билан қопланади. Лекин бизнинг ёшларимиз газета, журнал нима эканлигини билмасдан ўсаётган авлодлар сафига кириб қоляпди. Япон мактабларида ўқувчи жазоланмайди. Болада бирор муаммо пайдо бўлса, психолог ва синф раҳбари томонидан ўрганилиб, ҳолат бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади. Ўқувчилар умуман дарс қолдирмайди. Мабодо касал бўлиб мактабга келолмаса, ўқитувчи унинг уйига бориб топшириқлар беради ва ўқувчи ота-онаси ёрдамида мавзуни мустақил ўзлаштиради.
Таълимда боланинг тарбиясига жуда муҳим деб қаралади. Тарбияга боғчаданоқ катта эътибор қаратилади. Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, каттага ҳурмат, тозалик, озодалик, ўз-ўзига хизмат, бировдан ёрдам кутмаслик, ўзига ишонч ва ҳоказо кабиларни қонундай қабул қилиб, унга ҳамма бирдек амал қилади. Боланинг эркинлиги япон педагоглари учун жуда муҳим саналиб, ўқувчининг дарсда ўзига қулай тарзда ўтиришига имкон берилади. Бизда қулай ўтириб олиш эҳтимол Қашқадарёда болаларнинг полда дарс ўтганлиги билан тенглашар эканмикан?
Хуллас, Японияда санаб чиқсак ҳавас қиладиган, эҳтимол бизга орзулигича қолиб кетадиган тизим жудаям яхши йўлга қўйилган. Шунинг учун ҳам ёшларимиз олий таълимни чет элда давом эттираман деган хаёлатда яшаяпдими? Кўпгина давлатларда шундай ислоҳатлар амалга ошилаётган замонда бизда эса мактабларимизда ҳали ҳам баъзи ўқитувчилар томонидан «Ҳеч кимга билдирмасдан иккита-иккита жўнаб қолинглар. Дарс тугади» деган гапи айтилмаётганига ким кафолат бера олади?
Гапирсак гап кўп, муаммо кўп. Лекин шу нарсани аниқ айта оламанки, мактаб таълимини яхши йўлга қўймасдан туриб, етук кадрларни шаклланишидан, катта лавозимларда ўтирган «коппупсиячилар» бартараф этилишидан умид ҳам қила олмаймиз.
Муаллиф: Лайло Эсанмуродова