Сўнгги вақтларда ён-атрофимизда, ижтимоий тармоқларда кўплаб йўл транспорт ҳодисаларининг юз бераётгани ҳақидаги мудҳиш хабарларнинг гувоҳи бўляпмиз. Ачинарлиси эса, буларнинг кўпчилиги инсонларни ўлими билан якун топмоқда. Эҳтимол бугун вафот этган ҳайдовчи уйидан умуман бошқа режалар, бошқа мақсад билан чиққан бўлиши мумкин, аммо биргина нотўгри қадам, биргина эътиборсизлик уни бу ҳаётни тарк этишига сабаб бўлмоқда. Айнан мана шу масала юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати катта тезликда машина ҳайдаш оқибатида вафот этган ҳайдовчининг ўз жонига қасд қилиш мақомида бўлишига фатво берган эди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аксарият йўл-транспорт ҳодисалари алкогол маҳсулотларини истеъмол қилган ҳолда транспорт воситасини бошқариш сабабли юз бермоқда. Ваҳоланки, маст ҳолда рулни бошқариш амалдаги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳисобланади, шунингдек, муқаддас динимизда ҳам қаттиқ қораланади.
Узоқ сафарга чиқишдан олдин ҳар бир ҳайдовчи ўзини ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёрлаб олиши шарт. Чунки бундан олдин «Халқ сўзи» мухбири ва яна уч фуқаронинг ҳалок бўлишига, Сирдарёда Матиз русумли автомобил билан бўлган йўл транспорт ҳодисасидаги йўловчининг ўлимига ҳайдовчининг ухлаб қолганлиги сабаб бўлган.
ИИВ матбуот котибининг берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида қарийб 1700 нафар фуқаро ЙТҲ қурбони бўлган. Ушбу даврда республикада 6 минг 551 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улардан 1 минг 682 таси ўлим билан якун топган. Жароҳат олганлар эса 5 минг 920 тани ташкил этмоқда. Йўл –транспорт ҳодисаларининг деярли 40 фоизини тезликни меъёридан ошириш натижасида содир бўлган. Эҳтимол бу рақамларга шунчаки кўз ташлаб қўйиш, шунчаки айтиб кетиш осондир, аммо бу рақамларда кимнингдир ҳаёти энди қайтиб давом этмаслигини, шу вақтгача соғлом бўлиб яшаб келган инсон ногирон бўлиб қолганлигини ифодалайди.
Аслида бундай ҳодисларнинг юзага келишида ўрни билан ҳайдовчиларнинг ҳам, йўловчиларнинг ҳам айби бор. Бироқ шу ерда учинчи айбдор вакилни ҳам кўришимиз мумкин. Бу эса коррупсия. Эҳтимол йўл транспорт ҳодисасига коррупсиянинг қандай алоқаси бор экан деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин. Бироқ коррупсия барча соҳаларни кемириб келаётгани каби инсонлар ҳаётига ҳам зомин бўлмоқда. Барчамиз яхши биламизки, ҳайдовчилик гувоҳнамаси олиш учун ҳам керакли шартлар, ўзининг махсус имтиҳонлари мавжуд. Афсуски, мана шу имтиҳонларни пулнинг кучи билан «аъло» даражада якунлаб олаётганлар йўқ эмас орамизда. Лекин бунинг натижаси нимага олиб келиши ҳақида ўзингиз хулоса чиқариб қўяверинг.
Ҳурматли ҳайдовчи, ҳурматли йўловчи! Сизнинг биргина қилган хатойингиз кимнидир ҳаётига нуқта қўйиши мумкин эканлигини унутманг!
Муаллиф: Лайло Эсанмуродова