Яқин кунларда ижтимоий тармоқда «Бизнинг фотографлар олдида Голливуд каскадёрлари ҳижолат» изоҳи билан видео тарқалган эди. Видеода йўловчи ўз саломатлигини хавф остига қўйган ҳолда ҳаракат вақтида «Спарк» русумли автомобил салонидан чиқиб олганлиги акс этган.
Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўрганилган. Аниқланишича, ушбу воқеа 2021 йил 5 октябр куни соат 16:30 ларда, Янгиҳаёт тумани ҳудудида содир бўлган.
Йўловчи сифатида қоидани бузган, 1999 йилда туғилган М.М исмли фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 138 моддаси тўртинчи қисми тартибида баённома расмийлаштирилган.
Аслида ушбу ҳолатга масъулият билан ёндашган ҳолда чора кўрилиши керак эмасмиди? Чунки ниҳояси ўлим билан тугаши мумкин бўлган ҳодисаларга бееътибор ёндашилса, бу яна қайта такорланмайди, деб ким кафолат бера олади? Ушбу саволларга батафсил жавоб олиш учун ЙҲХБ ахборот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилдик. Айни вақтда соат 10 дан ўтган, иш вақти бўлишига қарамасдан ўн бир маротаба телефон қилган бўлсак-да, боғлана олмадик.
Транспортларда томоша кўрсатиш ёшларимиз орасида энг авжига чиқиб бораётган «буюк қобилиятлардан» бири сифатида оммалашиб бормоқда. Юқорида эндигина 22 ёшни қаршилаган йигитнинг бундай ишни қилишига нима сабаб бўлган бўлиши мумкин? Кексалар тили билан айтганда боланинг ёшлигими? Ёки ота-онасининг ҳамма шароит яратиб бергани учун жавоб сифатида қайтарган тўқликка шўхлигими? Ёки бўлмасам, ўсиб келаётган ёш авлод, ука-сингиллар учун намуна бўла олишнинг замонавий усулими? Чет эл сериалларининг телеекранларда тинимсиз намойиш этилиши, шунингдек, ёшларимиз онгида уларнинг қиёфасини жонлантириш, уларга нисбатан тақлид ошаётганининг битта ёрқин исботини ҳам шу ўринда кўриб ўтишимиз мумкин. Нима бўлганда ҳам йигитнинг ўлим ёқасига келганига, ёки биргина ортиқча ҳаракат билан бутун умр мажруҳ бўлиб қолишига бир баҳя қолган эди. Агар шу ҳолатдан бири содир бўлганда эса жиноят иши қўзғатилардими, бир умрга қамалардими, бефойдалигича қолаверар эди…
Операторлик билан шуғулланаётганлар ҳам, албатта оила боқиш учун, тирикчилик учун ёки бу касбга муҳаббат қўйгани учун фаолият юритади. Нима бўлган тақдирда ҳам аввало, ўзингизнинг саломатлигингизни хавф остига қўйманг, масъуллар томонидан белгилаб қўйилган қоидаларга амал қилинг!
Муаллиф: Лайло Эсанмуродова