Австриядаги яккаю ягона АЭС – Цвентендорф атом электр станцияси 1972 йили Дунай соҳилида, пойтахт Венадан 30 километр масофада қурила бошлаган. Режага биноан у мамлакатдаги электр энергиясига эҳтиёжнинг 10 фоизини қоплаши керак эди. Лекин 1970-йиллар охирига яқин қурилиш ишлари якунига етса ҳам станция ишга тушмади. Бунинг ўзига хос сабаби бор.
Жамиятдаги қатор сиёсий ва ижтимоий гуруҳлар – миллий қадрият ва оилани ҳамма нарсадан устун қўювчи консерваторлар, утопик (амалга ошиши даргумон) ғоялардан илҳомланадиган сўлчилар, табиат жонкуярлари, танқидий назарга эга мутахассислар ва бошқалар АЭСга кескин қарши чиқди. Улар бирлашиб, Österreichischer Atomkraftwerksgegner (IÖAG – “Австрияда АЭС қандай оқибатларга олиб келади?”) платформасини ташкил қилди ва махсус газета чоп қила бошлади. Бошида нашрни юридик ва жисмоний шахслар қўллаб-қувватлади, кейинроқ у оммалашиб кетиб, ўз харажатларини ўзи қоплайдиган даражага етди. Фаоллар алоҳида гуруҳлар ташкил қилиб, ахборот столлари ташкил қилди, кўчадаги одамларни шу мавзудаги суҳбатларга тортди, умуммиллий аксилатом ҳаракатига расман қўшилишга даъват этди. Атом энергетикаси соҳасидаги фалокатлар рўй-рост ёритилди.
Ниҳоят, 1978 йилнинг июнь ойида Федерал канцлер Бруно Крайский 5 ноябрни ядро энергетикаси бўйича референдум куни, деб эълон қилди. Оммавий овоз бериш тадбирида сайловчиларнинг учдан икки қисми қатнашди ва АЭСга қарши чиққанлар минимал устунлик (50,47 фоиз) билан ғалаба қозонди. Лекин қонун – қонун-да. Халқ иродасининг кучи ўзини кўрсатди. Кўпчилик нима деса, шу бўлди. Янги АЭСда ярим киловатт ҳам электр энергияси ишлаб чиқарилмади. Ўша йилнинг ўзида Австрияда ядровий реакторлар кучи билан ишлайдиган электр станциялари қурилишини тақиқлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Цвентендорф станциясининг фаолияти эса илмий мақсадларга хизмат қилишга йўналтирилди. Ҳозир унинг ёнида 2009 йилда қурилган Қуёш электр станцияси ишлаяпти. ҚЭСнинг йиллик қуввати 180 МВт/с. Ваҳоланки, АЭСники 5455728 МВт/сни ташкил қилиши мумкин эди. Лекин австрияликлар барибир атом энегриясини ёқламади.
Айтиш керакки, Австриянинг бу жасорати кўҳна қитъада беиз кетмади. Европаликлар ундан руҳланиб, Nuclear power phase-out (“Ядро энергетикасидан босқичма-босқич воз кечиш”) деб номланган умумевропа ҳаракатига асос солди. 1979 йили Три-Майл-Айлендда (АҚШ), 1986 йили Чернобилда (ҳозирги Украина) ва 2011 йили Фукусимада (Япония) рўй берган ядровий фалокатлар бу ҳаракат сафини янада кенгайтириб, таъсир кучини оширди. Масалан, “Фукусима фожеаси”дан кейин Германиядаги 17 реактордан 8 таси (Biblis A ва Biblis B, Brunsbüttel, Isar I, Krümmel, Neckarwestheim I, Philippsburg I ва Унтервезер) бирдан тўхтатилди. Қолгани 2022 йил охирида тўхтатилиши керак. Италия кўпчилик овоз билан ўзининг ноядровий мақомини сақлаб қолишни ёқлади. Швейцария ва Испания янги реакторлар қурилишига тақиқ қўйди.
Дунё бўйича оладиган бўлсак, 2016 йил ҳолатига кўра, Австралия, Австрия, Дания, Греция, Ирландия, Италия, Латвия, Лихтенштейн, Люксембург, Малайзия, Мальта, Янги Зеландия, Норвегия, Филиппин, Португалия ва Сербия АЭСга эга эмас ва ядровий энергетикага қатъиян қарши бўлиб турибди. Бельгия, Германия, Испания ва Швейцария 2030 йилгача ядро энергиясидан босқичма-босқич воз кечишни режалаштирган. Озарбайжон, Грузия, Гана, Ирландия, Кувайт, Ўмон, Перу ва Венесуэла эса ўзининг илк АЭСини қуришни режалаштирган, лекин буни амалга оширмаган давлатлар сирасига киради.
Маълумки, Ўзбекистонда ҳам АЭС қурилмоқда. Биз унинг ижобий ё салбий томонларини муҳокама қилиш, кимларнидир бу хусусда мунозарага чорлаш ниятидан йироқмиз. Фақат бир нарса ўйлантиради: Нима учун бизнинг Экопартия бундай фаол жараёнлардан руҳланмайди, уларга муносабат билдирмайди, юртимиздаги АЭС ҳақида лом-мим демайди?!
Ўқувчи бизни тўғри тушунсин учун қўшиб ўтамизки, гап АЭСни оқлаш ё қоралаш ҳақида кетаётгани йўқ. Экопартиямиз ўзининг бу борадаги мавҳум сукутини англатиб беришини истаймиз, холос.
Музайяна АНВАР