ДИҚҚАТ МУЛЬТФИЛМ. Болангизнинг келажаги жиддий хавф остида

Бир пайтлар нуфузли олий таълим даргоҳларидан бирида таҳсил олаётган кезларимиз маърузалар залида педагогика ва психология дарсидан маъруза қилаётган домламиз: «Сизларни, айниқса, қизларни мана шу даргоҳда ўқитаётган ота-оналар жуда тўғри иш қиляпди. Негаки, вақти келиб сизлар ҳам оила қурасизлар, фарзанд кўрасизлар. Ўшанда фарзандингизнинг ҳар бир ёшига қараб, қандай муомала қилишни ўрганасизлар. Умуман олганда, ёш даврига оид психологияни янаям яхшироқ ўқинг», дея алоҳида таъкидлаганди. Мана, йиллар ўтиб, ўша домламиз ҳақ эканлигини ич-ичимдан ҳис қиляпман.

Фарзанд туғилади. Икки ёки уч ёшга етгач, болалар боғчасига жойлаштиришни бошлаймиз, яъни, боланинг жамиятга илк аралашуви шу даврдан бошланади. Ҳар хил оила муҳитида катта бўлаётган болалар мактабгача таълим муассасаларида тўпланишади. Бир-биридан яхши-ёмон одатларни ўрганади. Айниқса, телеэкранлар орқали томоша қиладиган мултқаҳрамонларга тақлид қилишади. Ўшаларга ўхшашга ҳаракат қилади. «Ақлвой» канали орқали бериб борилаётган мултфилмларни обдон кузатсам, мултқаҳрамонларнинг бир-бирига нафратини, бир-биридан қасос олишини кўрдим. Техник воситаларнинг роли кучайган-у болаларни эзгуликка, ростгўйликка, меҳнат қилишга ундайдиган жиҳатлар умуман йўқ. «Болажон» каналида бериб бориладиган кўрсатув ва мултфилмларда эса, инсоний туйғуларни шакллантирувчи омилларни «Ақлвой» каналидаги айрим совуқ техник воситалар билан солиштириб, таққослаб болаларимга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Лекин, фарзандларим ўша совуқ қаҳрамонларни томоша қилишни хоҳлаётганидан хавотирдаман. Вазият шу даражагача бордики, дадаси ҳам бу вазиятга аралашиб, «Ақлвой» каналини кўрмасликка қаттиқ таъқиқ қўйилди.

Бир куни фарзандимнинг тарбиячисини йўлда учратиб қолдим. Гапларидан билдимки, боғчада болалар ўзларини шу даражада тутишадики, тарбиячи соат олтида уйига боши гаранг, арининг уясидек ғувиллаган ҳолда кириб боради. Болалар катта бўлгани сари ўз хоҳишига қараб иш тутгиси келади. Ижобий ёки салбий томонларини намоён қилишни хоҳлайди. Болаларимизда ижобий хислатларнинг шаклланишига хизмат қилувчи жиҳатларни ахтариб топайлик. Китоб ўқишни билмаса ҳам қўлига тутқазайлик. Катта-катта расмлари акс этган китоб варақларини йиртсин, чизсин. Умуман, боланинг китоб билан танишуви шундай бошланади. Китобни сандиқда тоза сақлаб, гард юқтирмай қўйгандан фойда йўқ. Аксинча, варақлари йиртилган, чизилган китоб эртага фарзандингизнинг ҳаёт йўлини ойдин қилиши мумкин.

Бугун миллион-миллион пулларга олиб берилган телефон фарзандингиз оёғига болта бўлиб урилиши мумкин. Чексиз интернетга улангач, у нимага муккасидан кетади?! Интернетга мукка тушиб, пулга ўйин ўйнаётган, ота-онасига билдирмасдан уйидан пул олиб чиқаётган фарзанд эртага залолатга ботмайди, деб айта оламизми!? Болаларимизни совуқ техник воситалардан, эзгуликни тарғиб қилолмаётган мултқаҳрамонлардан муҳофаза қилайлик. Зеро, бугун нима эксак, эртага шуни ўрамиз. Чунки биз катта авлод вакиллари ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясига бирдек масъулмиз ва жавобгармиз.

Ниҳолнинг қандай ўсиши уни парвариш қилувчи боғбонга боғлиқ бўлганидек, бизлар ҳам фарзандларимизни телефондаги ўйинлардан чалғитолмаяпман ёки ёвузликни тарғиб қилувчи ўйинларни тарк қилмаяпти, деб баҳона қилишимиз уят. Биз нима учун каттамиз, чунки бизда ҳаётий тажриба бор. Ана шу ҳаётий тажрибамиздан келиб чиқиб, фарзандларимизни тарбиялашимиз, уларга ўзимизнинг улуғ хислатларимизни кўрсатиб қўйишимиз билан ҳурмат ҳам топамиз, боланинг ҳаётини йўлга ҳам қўя оламиз. Даврлар ўтаверади, одамлар онги ўсиб, ривожланаверади, аммо биз болаларимизни шундай тарбиялашимиз керакки, уларнинг қалбидаги инсонийлик туйғулари софлигича тирик қолсин.


Роҳила Ражапова, филолог.