Ўзбек тилининг 32 йиллик мақоми хусусида
Тил мутлақо ижтимоий ҳодисадир. Якка тарзда ҳеч бир юксак тараққий этишга қодир онг мулоқотга эҳтиёж сезмайди. Олим ва сайёҳлар томонидан топилган бир неча «Маугли»лар ҳам ижтимоий мулоқотни деярли ўзлаштира олишмаган ёхуд бу жараёнга дош бера олмаган. Бундан келиб чиқадики, лисоний кўникмаларнинг барчаси онг билан тенг тараққий этади ва ривожланади.
Миллатнинг айни бир эканлигини, унинг софлик даражасини тилига кўра белгилаш мумкин. Шу ўринда, бугунги ўзбек тилининг мазкур нуқтаи назарга кўра ҳолини ҳам қисқача баён этсак.
Ўзбек тили — қирқ ямоқ тўн каби бир тилдир. Унинг софлик даражаси мустамлакачилар, қонли тазйиқлар оқибатида кескин пастлаган.
Аввало, араб тили. Гарчи, бу тил талаффуздаги бетакрорлик ила бошқа лисонлардан ажралиб турса-да, бизнинг турмушимизга кириб келиши «бир илоҳий иноят ўлароқ» юз бермаганини, аксинча, ғоятда қонли, мумкин бўлса, ўлпон олишлик билан кечгани бор гап. Қутайба ибн Муслимнинг хунрезликларини унутганимиз каби тезлик билан ўз тилимизда ўриндоши айнан мавжуд бўлган сўзларни ҳам ёддан чиқардик. Мазкур босқиндан кейин будун, эл – халқ, билик(г) – илм, улуғ – акбар, зарур – вожиб тарзида ва яна неча минглаб сўзларимиз ўз кучини бой берди. Ислом динининг ёйилиши ва ўлканинг мажбурий тарзда ягона эътиқод бирлиги қилиб белгиланиши тилимиз ҳолини кўп оғир қилди.
Бугунги сўзлашувимизда учрайдиган туб илдизи форсий бўлган кўплаб сўзлар нафақат савдо, илм ва ўзаро маданиятлар алмашинуви натижасида, балки турли йиллардаги катта-кичик босқинчиликлар важидан ҳам кенг томир ёйди. Бунга мисол қилиб, бугун республиканинг айрим ҳудудлари ишлатиладиган ўз сўзларимиз бошқа ҳудудларда форсийдан ўзлашган сўзларимиз билан ҳамоҳанг эканини келтириш мумкин. Қиёс учун, ҳўкиз — новвос, қуёш — офтоб, ўт — олов, тангри — худо, бирга ўтирувчи — ҳамнишин сўзларнинг истеъмолда тенг эканини кўрайлик.
Ва албатта, юқори доирадаги кишиларимиз хуш кўрувчи рус тили. Мана яна қонли тарихга бош эгиб турган бизнинг ҳолимиз. Аввало, ҳарбий лавозимларимиз бўлмиш туманбоши (ўн минг кишилик қўшин эгаси), мингбоши, юзбоши, элликбоши, қўрбошилар, сўнга шусиз ҳам ўзимизники бўлмаган жумҳурият, вазирлик, ҳукумат, ҳокимлик, маҳкама сўзларини ўз тилларида юритдилар ва бизни ҳам шунга мажбур этдиларки, бугун биз ўриндиқни стул, чироқни лампа, дастали пиёлани чашка, жўлоб (форсий)ни кружка дейишликка ҳам етдик. Ўз исмидан ўзбекча экани учун ҳам уялган, уялаётган ва уяладиганлар ҳануз биз билан бирга яшамоқда.
Хўш, мен сўзимни якунлар эканман, на араб тилининг, на форс тилининг ва на рус тилининг қийматини пастлатмоқчи ёхуд ёмонотлиқ этмоқчи эмасман. Демоқчиманки, агар ўз тилимизни асрамасак, «улуғ оғамиз» – Россия Федерациясидаги қўмиқ, лақай, қорайим, сариқюғурлар каби аста-секин йўқликка маҳкуммиз. Бу сезилмасдан биз томонга келаётган улкан ҳалокатдир! Ҳалокатдан ўзимизни асрашнинг ягона йўли – тилимизни асрашдир!
Ўзбек тилининг умри учун курашмоқ ва бел боғлаб киришмоқ аллақачон бир зарурат ҳолига келган.
Муаллиф: Камолиддин Абдуазиз ўғли