Олдинроқ Чироқчи туман ҳокимлиги ДХХ ходимларининг хизмат уйига 87,7 млн сўм миқдорида пул ажратганлиги ҳақида маълумот бергандик, бироқ сал ўтмай бу қарор бекор қилинибди, сабаби эса ҳозирча номаълум.
Ҳатто бу тўғрида хабар берган Nasafnews.uz ҳудудий нашридан ҳам ўчириш талаб қилинган.
Ахир тинчлик посбонларининг моддий техник базаси ҳақида гапириб турганимизда бу нечоғли ўринли қарор?!
Яқинда чиққан хабарларга кўра Қаршидаги Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги театрга 17 млрд сўм ажратилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ «Ўзбекистон24» телеканалида эфирга узатилган репортажга кўра, 7 млрд сўм миқдорида пул ажратилгани таъкидланган, бу ҳақда эса расмий манбаларда ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ.
Ажабланарлиси шундаки, шу миқдордаги маблағ ажратилиб, театрнинг тантанали очилиши ўтгандан сўнг ҳам яна 1,5 млрд сўм пул ажратилган.
Айтингчи, миллиардлаб пул сарфланиб, у билан ҳам «том-тирқиши» битмай, камига яна 1,5 млрд сарфланиб турган жойида арзимаган 87,7 млн «чиқим»нинг бекор қилиниши ғалати эмасми?
Бу бўйича расмийлар қўшимча маълумот беришларини кутамиз ва, албатта, бу мавзу яна бизнинг обектимиз бўлади.
Зайниддин Норқувватов