Сиртқи(кечки) таълим шаклидаги талабалар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги учун ўгайми?


Олий таълим муассасалари(ОТМ)да таълимнинг сиртқи шакли учун ўқиш контракт миқдорини кимлар белгилайди?

Бу миқдор адолатданми?

Қандай ҳисоб-китобларга асосан нарх белгиланади?

Ҳар йили куз келиши билан ОТМ талабалари учун контракт муаммоси бошланади.
Кўпчилик талабалар, ота-оналар контракт миқдори аҳолининг яшаш шароитига, даромад манбаига қаранганда карра миқдорида қиммат эканлигидан норози бўладилар, бўлмоқдалар.

Бу эътирозларга Олий ва Ўрта-махсус Таълим Вазирлиги талабаларнинг ўқитиш қиймати юқори эканлиги, ҳозирги контрактлар ҳам аслида арзон эканлиги билан жавоб қайтармоқда.

Ажабланарлиси Кундузги таълим шакли учун белгиланган контракт миқдоридан Сиртқи таълим шаклинг контракт миқдори кўп эканлиги?
Нега бундай?
Бунга бирор арзирли сабаб борми?

Қуйида Иқтисодиёт(тармоқлар ва соҳалар бўйича) йўналишида кундузги ва сиртқи таълим шакли учун нархларни таққослаб кўрамиз.

Кундузги таълим шаклида ўқиш учун контракт тўлови миқдори 1 ўқув йили учун 9 129 930 сўм қилиб белгиланган, 2021-2022-ўқув йили учун, 1 ўқув йилида талабалар камида 240 иш куни давомида таълим олиш учун келадилар( тахминан 10 ойда 300 кун, 42 ҳафта бўлади. Шундан ҳар ҳафтадаги Якшанба кунлари, 1 йилдаги байрамлар учун тахминан 60 кун чиқариб ташлаймиз).
Демак, кундузги таълим шаклида таълим олаётган талабани бир кун ўқитиш ОТМ га 38 041 сўмга тушмоқда.
Бу стипендиясиз тўлов контракт миқдори, Сиртқи таълимда стипендия бўлмагани учун, шу миқдор олинди.

Энди Сиртқи таълимни ҳисоб қиламиз.
Сиртқи таълим учун 2021-2022 йили учун контракт миқдори 10 461 682 сўм, 1 ўқув йили учун.
1 ўқув йилида талабалар жами 48 кун ўқиш учун келадилар. Кузги семестрда 24 кун, Баҳорги семестрда 24 кун, 1 кун талабани ўқитиш учун ОТМ 217 952 сўм харажат қилмоқда.

Бундан ташқари умумий харажатлар ҳисобланса Кундузги таълим 4 йил, Сиртқи таълим 5 йил. Сиртқи таълим талабалари 1 йил қўшимча ўқишади, бу тахминан 10 — 15 млн сўм қўшимча тўлов дегани).

Кундузги таълимда ўқийдиган талабадан ўқиш ҳаражатлари учун кунига 38 041 сўм, Сиртқи таълимда ўқийдиган талабалардан эса 217 952 сўм тўлов талаб қилиш ғалати эмасми?

Бу нархни ким белгилаган, нега бунчалик, деярлик 6 баробар тафовут?

Бу нарх қайси категориялар, сабаблар билан белгиланган?

Нарх белгилаш кимни ваколатига киради? Ва қандай асослар билан бу нарх белгиланган?
Ким изоҳ бера олади бунга?

Бу масалада тугал қарор чиқариш, назорат қилиш кимни ваколатларига киради?

Олий ва Ўрта-махсус таълим вазирлиги ваколатларигами?

Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ваколатларигами?

Президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг ваколатларигами?

Молия вазирлигининг ваколатларигами?

Юқоридаги саволларга жавоб берадиган, ҳолатни, таълимнинг сиртқи шакли учун белгиланган контракт миқдори нимага асосланганини тушунтириб берадиган бирор ким борми?

Ҳурматли талабалар, сизлар қандай фикрдасизлар бу масала юзасидан?

Нега сиз ва биз талабалар устидан, бизга боғлиқ масалада бизни фикримизни олишмайди?

Нега бизга бу сумма қаердан келиб чиққани ҳақида маълумот беришмайди?
Дунёни таълим(талабалар) ўзгартиради.

Балки контракт миқдори бўйича, уни ижтимоий ҳаётимиз нормалари даражасида қайта белгилаш бўйича, бу нарх қандай мезонлар асосида белгиланганлиги бўйича қилинган талабимизни 1 нафар талаба талаб қилса ҳеч ким эшитмас.

Лекин бундай муаммоси бор битта гуруҳ(30 нафар) талабалари бўлсачи?

1 паток(90 нафар) талабалари бўлсачи?

Бир факультет (300 нафар) талабалари бўлсачи?

Бутун Университет( 10 000 нафар), ёки бутун Ўзбекистондаги айни вазиятдаги талабалар бўлсачи?

100 000 лаб талабаларда шундай муаммо бўлса ҳам мутасаддилар бу ҳолатга юзаки қарашда давом этишадими?

Вазир алмашганидан кейин соҳада кўп яхши ишлар, талабалар учун қулай вазиятлар яратилди, уларни фойдасига кўп қадам ташланди, вазирлик томонидан.
Умид қиламизки, вазиятга шахсан вазиримиз Абдкқодир Тошқулов эътибор қаратиб, муаммони ҳал қилишда талабалар томонида бўлади деган умиддаман.

Пс. Бу масалани кўтаришдан мақсад асло шахсий эмас. Аллоҳга шукр ҳозирча, Аллоҳ қодир қилиб турибди контракт тўлашга.
Бу 100 000 лаб бошқа талабаларни дарди. Улар учун ҳолатга бефарқ қараб туришни хоҳламадим. Агар ҳамма сиртқи талабаларни контракт миқдори туширилса, ёлғиз ўзим ҳозирги миқдорда контракт тўлаб ўқишни давом эттиришга, имконим етмаса ўқишни тўхтатишга ҳам розиман.

Олимжон Ҳайдаров