Коронавирус пайдо бўлганидан бери унинг бир қанча штаммларини бошдан ўтказдик. Ҳозирга келиб, дунё аҳолиси ўртасида вазият ўтган йилга нисбатан барқарорлашди. Бироқ Россия Федерациясида бу ҳолат анча жиддий. Яъни мамлакатда коронавируснинг AY.4.2 хавфли формаси аниқланди. Бизни хавотирга солгани неча минглаб ўзбек меҳнат мигрантлари касаллик авж олган паллада ишлаяпти.
Бугунги кунда мамлакат тўлиқ локдаунга ўтиши режалаштирилди. 27 октябрдан 7 ноябргача иш куни эмас, дея белгиланди. Яъни ишлаш ман этилади. Имконияти борларга фақатгина масофадан ишлашга руҳсат берилади. Айрим ҳудудлар карантин чораларини 15 октябргача суриш ҳақида баҳслашмоқда.
Албатта, ҳаммаси саломатлик учун кураш. Бироқ, Россияда бугунги кунда меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан боғлиқ вазият қандай?
Бугунги кунда биз билган ва таниган меҳнат муҳожирлари ишлаётгани ҳақида гап кетганда, ҳеч ким уларга ишлашни ман қилган эмас. Қолаверса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам кунда Россияга ишлашга боришни истаганлар учун эълонлар тақдим этмоқда.
Жорий йилнинг ёз ойлари бошланишида Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларини Спутник –лайт вакцинаси билан эмлашга ваъда берган эди. Эмлаш қабул қилиш бир марталик бўлиб, шу куннинг ўзида эмлаш қабул қилганлик сертификати тақдим этилади. Бироқ, вакцина учун тўловни иш берувчи тўлаши керак бўлади.
Бутун дунё бўйлаб текинга тақдим этилаётган вакцина мана шу ерга келганда пуллик бўлиб қоладими, нега энди Ўзбекистон ССВ вакиллари мамлакатимиз учун ажратилган вакциналардан меҳнат муҳожирларини эмлаш учун ажратмайди, элчихоналаримиз нима сабабдан вакцина уришни талаб қилишмаяпти? Қолаверса меҳнат муҳожирлигида юрган аҳоли ҳам бизнинг асосий даромад манбаимиз-ку.
“Бемалол ишлаб юрибмиз. Асосан давлат ишидагилар учун дам олиш куни тақдим қилинди. Бизга биров келиб ишлама, деб айтгани йўқ. Эмлаш ҳақида ҳам ҳеч қандай гап эшитмадик. Ён-атрофимизда ҳам коронавирус билан оғриган ёки вафот этган ўзбекистонликлар ҳақида эшитмадик. Балки мунтазам ишлаб турганимиз учун бу касаллик бизни четлаб ўтаётгандир”, —дейди Россияда меҳнат қилаётган юртдошларимиздан бири.
Суриядан Меҳр операцияси орқали олиб келинган юртдошларимиз каби Россиядаги юртдошларимиз ҳам кўринмас душман қуршовида қолмоқда. Мамлакатда коронавирус авж олар экан юртдошларимиз учун ҳам ҳавфли давр бошланади. Ҳукумат уларга бор эътиборни қаратиши, саломатлиги учун ҳаракат қилиши лозим. Улар кимга бориб учрашлари керак, нима қилишлари керак ҳеч ким билмайди. Ҳеч ким уларга бу борада тушунтириш бермаган. Наҳотки, улар ўз тақдири учун ўзлари курашишари керак?
“Яқинда уйга қайтиш учун билет олдим. Билет нарҳига 2500 рубл қўшиб ҳисоблашди. Коронавирусга тест учун экан. Билмадим бу тест жавоби билан Ўзбекистонга кира оламанми ёки ўзимизда ҳам тест топшираманми?”, — дейди иккинчи суҳбатдошимиз.
Ўзбекистондагидан икки баробар қимматга тест топширган юртдошимиз яна катта пулга тест топширишдан хавотирда. Аэропортда бу каби тестлар инобатга олинмаётгани ҳақида ҳам гаплар бор. Қолаверса 130 000 сўм тўлов қилганлар пулни олиб, ҳеч қандай тест натижаси тақдим этмаганларини, пулни олгач ҳаммада ижобий натижа кўрсатди деган важ билан ўтказиб юбораётгани ҳақида ёзишмоқда.