Зарарли одатларнинг хавфли вируслардан кўпам фарқи йўқ. Иккиси ҳам юқумли, иккиси-да саломатлигимизга зиён етказади. Бири иммунитети паст одамларга ёпишса, иккинчиси иродаси суст кишиларни танлайди.
Бироқ вирусдан дори-дармонлар билан халос бўлиш мумкин. Иллатлардан қутилиш эса анча қийин. Чунки зарарли одатлар кўпинча инсонда кучли қарамликни юзага келтиради.
Бугун ёшлар ўртасида урф бўлган энергетик ичимликлар ҳақида ҳам мутахассислар хулосаси шундай. Тунука идишдан симирилаётган бундай маҳсулотлар аслида қувват эмас, кулфат манбаи эканлигини , афсуски, жуда кеч англаб етяпмиз.
Маълумотларга кўра, “қувватбахш” ичимликлар илк бор 1960 йилда Японияда дори воситаси сифатида яратилган. Кейинчалик Европа ва АҚШни “забт этгач”, бизнесменлар бу маҳсулотни оммалаштириш учун таркибига бир қанча кимёвий моддаларни қўшишган.
2014 йилга келиб ЖССТ ўсмирлар ўртасида энергетик ичимликлар кўп истеъмол қилинаётгани юзасидан хавотирли баёнот билан чиқди. 2017 йилда эса АҚШда 16 ёшли ўсмирнинг ўлимига кўп миқдорда истеъмол қилинган энергетик ичимлик сабаб бўлгани тахмин қилинган.
Ҳозир дунёнинг қатор давлатларида бундай маҳсулотлар сотувига чекловлар ўрнатилган. Масалан, аксарият мамлакатларда 18 ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликларни пуллаш ман қилинган. Дания, Туркия, Норвегия, Исландия ва АҚШнинг айрим штатларида эса бундай маҳсулотлар сотуви бутунлай тақиқланган.
Ўзбекистонда ҳам бу борада қонуний чекловлар амалда. Унга кўра, энергетик ичимликларнинг 18 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилинишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, юртимизда бундай маҳсулотларни 7:00 дан 22:00 га қадар реклама қилиш тақиқланган.
Қолган вақтларда ҳам реклама жараёнида бундай маҳсулотларни ҳаддан зиёд ичишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, қолаверса, истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак.
— Юқори концентрацияланган энергетик ичимликларда кўп миқдорда кофеин, таурин моддалари бор, — дейди Тошкент тиббиёт академияси Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Гули ШАЙХОВА. — Таурин – энергетик жараённи жадаллаштирувчи ва нерв системасини ривожлантирувчи модда. Унинг инсон организми учун суткалик меъёри – 400 мг. Айрим энергетиклар таркибида эса бу модда 2 баробаргача ошиқ бўлади ва ўсмирлар соғлигига салбий таъсир кўрсатади.
Аввалров, Чироқчида COVID-19 поликлиникасида ишлаган тиббиёт ходимлари сарсон бўлаётгани ҳақида маълум қилган эдик.