Мадомики, бизни андишасиз ва ахлоқсиз санар экансиз…

Ёшлар ҳақида фикрингиз қандай? Биламан, ёшлар сўзини эшитибоқ, гапиришга шайландингиз. Ёшлар бетарбия, китоб ўқимайди, телефондан кўз узмайди,ҳурматни билмайди, ҳайронман, бу ёшлар қаёққа қараб кетяпти?
Тўғри топдим-а, дилингиздаги гапларни.

Фикримча, ёшлар деганда мактаб, коллеж, университетда ўқувчилар назарда тутилса керак. Мана мен, ўша сиз ҳеч кўнглингиз тўлмаётган, қаёққа қараб кетаётганидан

хавотирланганингиз, шу гуруҳнинг бир аъзосиман. Биз ёшларнинг қаёққа қараб кетаётганимизга қизиқиш баробарида катталарнинг қаергача келиб қолгани билан ҳам қизиқиб кўрдингизми ҳеч?
Мадомики, бизни андишасиз ва ахлоқсиз санар экансиз, сиз азиз катталарга айтар сўзларимизни қоғозга туширдик-у, ўйлаймизки булар сизга малол келмас…

Ўзаро тушунмовчиликларингизни деб, мурғак гўдакнинг қалбига битмас чандиқ туширган, кимнидир отасиз, яна кимнидир онасиз улғайишга мажбур қилган сиз катталарсиз!

Ёшлик қилипти-да, ёшликда бўлиб туради деб фарзандингиз айбини ҳаспўшлаган, уни тўғри йўлга йўналтириш,айбига иқрор қилиш ўрнига ҳали ёш-да деб қўйган ҳам ўзингиз!

Бешикда бойладингиз, мактабда чизиб берган ҳошиянгиздан четга чиқмадик энди нима кутяпсиз биздан? Таълимни ботирдингиз, истеъдодимни адолатсиз танловларингиз билан сўндирдингиз-да, яна ёшлар айбдор… Улар истеъдодсиз!

Бизга таълим бериши керак бўлган ўқитувчиларга кўча супуртириб,
пахтага, ҳашарга жўнатган биз ўқувчи ёшлар эмасдик!

Юз мингларча ёшлар эртанги кунига ишонч билан ўқийман, яхши касб эгаси бўламан деганда, тестдан бир саволни кўпроқ топиш учун тирсак чиритганда,савол жавоблари билан бирга ёшларнинг бутун ҳаётини ўғирлаган ҳам, келажагини барбод қилган ҳам айни сиз катталар эдингиз!

Университетга киришни кимошди савдосига айлантирган, пора эвазига чўнтагини қаппайтираётган бирорта коллеж ўқувчисини кўрибмидингиз?

Қўл остидагиларни болахонадор қилиб сўкинаётган, бирорта чиройлироқ ёш қизни «хизмат» қилиши учун ўзига ёрдамчи қилиб олаётган қариб қуйилмаганлар ўсмирлик ёшидами?

Аслида, бизники бўлиши керак бўлган курсиларга жон-жаҳди билан чирмашган, ўзига нисбатан ёшроқ, ақллироқ кадрни ёнига йўлатмаётганлар нечанчи йилда туғилган экан? Устозингнинг айтганини қил, қилганини қилма, демоққа шайландингизми? Аммо ўша қилганларингиздан биз «униб» чиққанимиз ёдингиздан кўтарилмасин.

Билимга эмас,чўнтагига қараб шифокорлик дипломини олиб берган фарзандингизнинг ишлайдиган шифохонасидан узоқроқ юрибсиз.

Қурувчи бўлса, у қурган иморатдан бир чақирим масофада айланиб ўтаяпсиз.

Юридик фанлари бўйича ўқишни тамомлаб, ҳуқуқшунос бўлган бўлса, қонунни остин-устун қилиб, қанчадан қанча одамнинг шўрини қуритганига гувоҳ бўлябсиз.
Борди-ю, ўқитувчи бўлган бўлса, бизга ҳам ўзи ўрганган «билим»ларни тақдим этяпти.

Ёшларни ахлоқсизликда айблабмидингиз? Айтингчи, экранларда хиёнат, фахш мавзуси тўлиб ётган сериаллар, енгил- елпи кўрсатувлар билан миямизни тўлдириб ташлаётган,аммо маърифат кўрсатувларида одоб-ахлоқдан, ҳалол-у харомдан ваъз ўқиётган, бу ҳам етмагандай ёшлар тарбиясидан нолиётганлар кимлар?

«ТIК-ТОК» деган бало келди-ю, ҳамма шунинг домига тушди, ёшлар бемазаликлардан бўшамай қолди, дейишдан олдин шу ёшлар билан бирга «ТIК-ТОК» учун видео олган ҳамда уларни рағбатлантирган катталарни эсланг…

Эсланг, эсланг, эсланг …

Сиз эртамиз эгаларисиз, шунинг учун аччиқ гапирамиз, тўғри йўлга бошлаймиз демоқчимисиз? Эртангиз эгалари биз бўлсак, сиз бизнинг бугунимиз эдингиз. Яшаётган кунингизни қутқаришга қурби етмаган — сиз, эртанги кунни биз қандай қутқарайлик?

Мен ва мен каби ёшларда бундай саволлар бисёр… Бу гапларни балки бир ёшнинг бетгачопарлигига, ҳурматни билмаслигига ёярсиз, хоҳиш ўзингизда!

Аслида биз бир янги авлод,оппоқ қоғоз эдик. Бу қоғозни сиз бўядингиз, ўз услубингиз билан тўлдирдингиз. Биз сизни кўрдик, сиздан ибрат олдик, айбимиз шуми? Ўзи аслида муаммо кимда?


Биз ёшлардами ёки сиз катталарда?!

Шаҳруза Сатторова