Пўлат Бобожоновга мурожаат билан чиққан ходимга тухмат уюштиришди

Икки кун аввал Наманган шаҳри ИИБ тизимидаги муаммолар хусусида видео мурожаат элон қилган эдик.

Мурожаатда асосий эътибор тизимдаги ноқонуний юкламалар ҳақида бўлса-да, мурожаатга муносабат билдирган вилоят ИИБ негадир бу тўғрисида индамаган. Аксинча, муаммо билан эмас муаммони олиб чиққан билан «шуғулланиш»ни бошлабди.

Хусусан, муаммо, муаммодаги ҳолатлар  бир четда қолиб мурожаатчи катта лейтенант Отабаевга нисбатан ёлғон маълумотлар билан соҳта айблов қўйиш бошланди.

Жумаладан, вилоят ИИБ ахборот хизмати берган расмий муносабатда гўёки катта лейтенант Отабаев фуқаро Матлуба Юнусовадан фирибгарлик йўли билан катта миқдорда пулларни ўзлаштириб олган. Шу иш юзасидан вилоят ИИБга ишни прокуратурага ҳуқуқий баҳо бериш учун  юборган.

Аслида эса Матлуба Юнусова ҳеч қандай ариза билан ИИБ га мурожаат қилмаган. Аксинча Сардор Отабаевга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ҳақида Наманган шаҳар ИИО ФМБ бошлиғига ариза ёзиб берган

Шаҳар ИИБ нинг бундай тухмат қилишига нима сабаб? Нега ҳалигача бу вазиятга вазирлик муносабат билдирмади? Нега видео мурожаатда тилга олинган асосий муаммо — ноқонуний юкламалар бўйича хизмат текширув ўтказиш ўрнига муаммони олиб чиққан ходимни жиноятчига чиқаришга ҳаракат қилишмоқда?

Ёки мурожаатда санаб ўтилган ҳолатлар юқоридан — вазирликдан келадими?

Умуман олганда, бу саволларга жавоб берадиган кимдир борми?

Олимжон Ҳайдаров