Зойир Мирзаев ўрнига божхона қўмитаси раиси келиши кутилмоқда

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятининг амалдаги ҳокими Зойир Мирзаев лавозимидан озод этилиши кутилмоқда. Унинг ўрнига Божхона қўмитаси раиси Мурод Азимов вилоят ҳокими этиб тайинланади. Бу маълумотни ҳукуматдаги манба тасдиқлади.

Kun.uz манбасининг таъкидлашича Тошкент вилоятида ҳам тайинловлар кутилмоқда, бу ҳақда ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Генерал-майор Мурод Азимов 2018 йил феврал ойида Божхона қўмитасига раис этиб тайинланганди. У қўмитанинг аввалги раиси Муиджон Тоҳирийнинг ўрнида иш бошлаганди.

Мурод Азимов 1976 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. 1998 йилда Тошкент юридик институтини тугатган. Қарши шаҳар прокуратурасида терговчи, Қашқадарё вилоят прокуратурасига прокурор, кейинроқ вилоят прокурорининг ўринбосари ва туман прокурори лавозимларида ишлаган.
 
2014 йилда у Бухоро вилояти прокурори этиб тайинланиб, у ерда 2016 йилгача ишлаган. 2016 йил сентябрь ойидан бошлаб у Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2018 йилда у божхона хизмати генерал-майори унвонига эга бўлган.

Қашқадарё вилоятининг амалдаги ҳокими Зойир Мирзаев 2019 йил октябр ойида вилоят ҳокими сифатида иш бошлаганди.

Зойир Мирзаев 1968 йил 10 март куни Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. 2016 йилдан 2018 йилгача бош вазир ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари. 2018 йилдан — бош вазир ўринбосари — агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари бўлиб ишлаган. 2018 йил 7 ноябрь куни Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган.