Даврон Ҳидоятов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.
У бу лавозимда 2021 йилнинг январидан буён ишлаётганди. Яқинда унинг фармойиши билан Нурафшон шаҳрида катта миқдордаги маблағга ҳайкал мажмуаси ва кутубхона биноси қурилиши жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланди. Бу маълумотни вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов тасдиқлади.
Маълум қилинишича, 2018 йил февраль ойидан бери Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Мурод Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Зойир Мирзаев 1968 йилда Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. Ҳоким сифатидаги иш фаолиятини 2003 йил Жомбой туманидан бошлаган. 2008–2010 йилларда Самарқанд шаҳар ҳокими, 2010–2016 йилларда эса Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаган.
Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими сифатидаги сўнгги қарорларидан бирида ҳокимлик Captiva’сини экобошқармага ўтказиб берди
Даврон Ҳидоятовнинг Тошкент вилояти ҳокими сифатидаги сўнгги қарорларидан бири «Автотранспорт воситасини балансдан-балансга ўтказиш тўғрисида» бўлди.
Қарорга кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги балансидаги 2015 йилда ишлаб чиқарилган Captiva Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига ўтказилди.
Шунингдек, қарорда Тошкент вилояти ҳокимлиги ишлар бошқармаси ўрнатилган тартибда автотранспорт воситасини топширилишини, Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси қабул қилиб олиниши қайд этилган.