Бугун Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев раислигида видеоселектор тарзида илк “ҳокимлик соати” ўтказилди. Унда вилоятнинг 22 та туман-шаҳарлари сектор раҳбарлари, вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоят фаоллари иштирок этган.
Қайд этилишича, йиғилиш аввалида вилоят раҳбари З.Мирзаев бошқарув сиёсатида белгилаб олинган энг устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтган.
Иқтибослар:
- Фуқаролар билан қабулни кўчма тартибда олиб борамиз. Унда ҳамма сектор раҳбарлари қатнашади. Соат 14:00 да бўладиган қабулга соат 8:00 да ўша мурожаатчининг сектор раҳбари, тегишли ташкилот мутасаддиси уйига бориб, масаласини жойида ўрганиб чиқади.
- Қандай тоифадаги раҳбар бўлишидан қатъий назар, билиб олсин, фаолиятимизнинг асосий мезони “Инсон қадри учун” тамойили асосида бўлади. Буни керак бўлса, столнинг устига ёзиб қўйинг. Яна шуни ҳам ёзиб қўйингларки, ишимизда “майда-чуйда масаланинг ўзи йўқ”.
- Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қиладиган телеграм-бот ташкил қиламиз. Керак бўлса, ўша фуқаро билан телефонда ўзим гаплашаман.
- Ҳокимиятдан ҳар бир чиқаётган қоғоз ҳокимиятнинг юзи. Давлат тили бўйича ҳокимият ҳужжатларини хато ёзадиган ходим ҳокимиятда ишлаши мумкин эмас.
- Ошкоралик, шаффофлик кўпчиликка ёқмайди, лекин ҳар қандай чиққан негативга сектор раҳбари муносабат бериши шарт. Ижтимоий тармоққа киришни билмасангиз ўрганинг, раҳбар замондан орқада қолиши мумкинмас.
- Олдиндан келишиб олайлик, менга “ҳурматли” дея мурожаат қилманглар.
- Нимага айрим ҳокимлар блогер, журналистлар учун ёпиқ?! Пресс-тур ўтказиб, журналистлар ёнида юриб, бажарилаётган ишларни кўрсатинглар. Ёмонини ҳам кўрсатайлик, ёмони ҳам ўзимизники.
- Дарахт экаверамиз, лекин унинг кўкариб чиқишичи?
- Вилоятимиз туман-шаҳарларидаги таҳририятларни қўллаб-қувватлашга тайёрман. Газеталар бизга керак. Ҳудудий таҳририятлардаги журналистлар тажрибасини қадрланглар, қўллаб-қувватланглар. Бу бўйича мутасаддилардан аниқ таклифлар кутамиз.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокими сектор раҳбарлари ва вилоят мутасаддиларига бир қанча топшириқлар бериб, селекторни якунлади.