Биржада бензин нархлари тушаяпти, лекин «заправка»ларда нарх халиям ўша-ўша-осмонда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутути Расул Кушербаев ўз телеграм саҳифасида фикр билдирди.
Энг кўп» заправка»ларга эга “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “UNG Petro” АЁҚШларида Тошкент шаҳрининг ўзида одатда кунлик 550-600 тонна АИ 80 маркали автобензин истеъмолчиларга сотиб келинган.
Сўнгги кунларда айнан “UNG Petro” заправкаларида АИ 80 бензинини топиб бўлмай қолди.
Камига Монополияга қарши кураш қўмитаси бензин бўйича чеклов ўрнатибди. Катта эҳтимол билан бу бензин тақчиллигига сабаб бўлмоқда. Яъни кунлик катта лотларда 120 тонна ва кичик лотларда 10 тонна бензин чеклови ўрнатилгани сабабли, Тошкент шаҳрининг ўзида кунига 550-600 тонна бензин сотадиган “Ўзбекнефтгаз” заправкаларида бензин етмаяпти.
Демак, ушбу чеклов бензин нархини тушириш ўрнига аксинча тақчиллик олиб келиб, нарх тушмаслигига сабаб бўлиши мумкин.
Савол: унда бу чеклов нима учун хизмат қилаяпти?
Маълумотларга кўра, хусусий тадбиркорлар ҳозирда бензинни ҳар тоннасини 7 миллион сўмдан харид қилиб атига 3-4 «заправка»лари орқали сотиб келишмоқда. Ўртадаги фарқни катталигини тушуниш қийинмас: 50 та заправкаси бор “UNG Petro”га ҳам 130 тонна, битта «заправка»си борга ҳам 130 тонна.
Энг ёмони бирорта ҳам бензин «заправка»га эга бўлмаган улгуржи савдо вакиллари ҳам Монополияга қарши курашиш қўмитасининг чеклови ортидан негадир АИ 80 бензин сотиб ола бошлашган.
Катта эҳтимол билан улар қишда «газ заправка»ларида навбатлар чўққисига чиққанда бензинни янада қимматга сотиш учун ғамлашяпти ёки устига қўшимча нарх қўйиб сотиш ҳаракатида. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмас.
Ҳисоблаб кўрсак бугун ҳар тоннаси 7 миллион сўмга айланган бензин барча солиқ ва «заправка» харажатларини қўшиб ҳисоблаганда чакана савдода 1 литрига 6 минг сўм дегани. Лекин, Тошкентдаги хусусий «заправка»ларда энг арзон бензин 7900 сўмдан бошланади.
Буни “Ўзнефтгазинспекция” билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси назоратга олиб, тартибга солишлари керак. “Шаҳар бедарвоза»маску.
Шу ўринда битта таклиф: бензин фақат бензин «заправкаси» бор бизнес вакилларига сотилгани маъқул. Ғамлаб қўйиб, бозорда сунъий дефицит ҳисобига бойимоқчи бўлганларга эмас.
Унутмайлик, беш қўлни оғизга тиқиш, оғизни йиртиши мумкин. Устига устак халқни қийналиши ҳисобига бўлса.
Шунинг учун отнинг ўлимини итнинг байрамига айлантирмайлик ўртоқлар.
Дарвоқе, Ўзбекистондаги 80 фоиз нефтни қазиб чиқарамиз, деб мақтанадиган «Жиззах петролеум»ни асосий бензини қаёққа кетаётгани(ўзи халққа тегишли нефт қудуқлари уларга қандай ўтиб қолгани ҳам қизиқ), Фарғонадаги нефт заводи қанча бензин ишлаб чиқараётгани ҳам очиқланса яхши бўларди. Масъуллар бунга жавоб беришлари керак ўзи, дея ёзади депутат.
Қолаверса жорий йилнинг 11 ойи давомида бинзен нархи январь ойига нисбатан тенг миқдорда ошган. 2021 йил январь ойида АИ 80 маркали бинзен 5500 сўмдан сотилган бўлса, бугунги кунга келиб нарҳ 10000 сўмгача кўтарилган.