Аввалроқ муштлашув оқибатида Турин политехника университети талабаси вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур фожиали муштлашув тафсилотлари маълум қилинди.
«Жорий йилнинг 25 ноябр куни тахминан соат 12:30 ларда Турин политехника университети ҳовлисида 1-босқич талабалари С. ва М. учрашиб, масалаларини ҳал қилишган. Суҳбатдан сўнг улар ўзаро бир тўхтамга келишган. Кейинроқ, уларнинг шу курсда ўқийдиган талаба С. келиб уларни ярашиб олганликларини сўраган. Аммо, жабрланувчи Ш. аралашманг деб, унга қарши чиққан. Шу пайт Самандарнинг дўсти А. келиб Ш.нинг юзига мушт уриб, ерга йиқитган. Натижада, Ш. воқеа жойида вафот этган«, — дейилади ҳуқуқ-тартибот идораси хабарида.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, Ш.нинг ўлимига бош мия ёпиқ жароҳати, мияга қон қуйилиши ва мия тўқималарининг шикастланиши сабаб бўлган.
«Биз Турин политехника университетига бордик. У ердаги йигитлар жанжаллашишаётганди. Мен уларнинг олдига бордим ва ўша пайтда мен танимаган бир йигит бақириб, мени қаттиқ ҳақорат қилди. Кейин, унинг юзига муштим билан урдим. Менинг зарбамдан одам ўлишини тасаввур ҳам қилолмагандим. Тенгдошларимга айтмоқчиман, хатоларимни ҳеч қачон такрорламанг. Қилган жиноятим учун 8-10 йилга қамалишим мумкин. Марҳум ўқувчининг ота-онасидан мени кечиришларини сўрайман, қилган ишимдан жуда афсусдаман», — деди А.
Ҳолат юзасидан A.ga нисбатан Жиноят Кодексинининг 104-моддаси учинчи қисми «д» банди (баданга қасддан оғир шикаст этказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.