Сергели тумани ҳокими ўзини рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилди

Тошкент шаҳар Сергели туман ҳокими ўзига 35 млн сўм рағбат пули берилиши тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур қарор e-qaror.gov.uz сайтида қайд этилган.

Қарорда келтирилишича, Халқ депутатлари Сергели тумани кенгаши Тошкент шаҳар ҳокимининг қатор фармойишлари асосида туман ҳокими Элбек Шукуровнинг «меҳнатда ташаббускорлигини» рағбатлантириш мақсадида 2021 йил июнь, июль, август, сентябрь ва октябрь ойлари учун лавозим маошига устама ҳақи тўлаш учун 35 млн сўм маблағни туман маҳаллий бюджетнинг учинчи чорак даромадлар режасини ошириб бажарилган қисми ҳисобидан туман ҳокимиятига ажратилиши айтиб ўтилган.

Сергели тумани молия бўлими ажратилган маблағлар бўйича 2021 йил туман маҳаллий бюджети параметрларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритилиши ва бош ҳисобчиси ажратилган маблағлар мақсадли ва тўғри сарфланиши таъминлаши белгиланган.