Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб 38 млрд. долларга етди

Марказий банк Ўзбекистоннинг жорий йил 9 ойи учун Тўлов баланси, халқаро инвестицион позисияси ва ташқи қарзи бўйича нашрига қисқача шарҳини эълон қилди.

Берилган шарҳда Ўзбекистон Республикасининг умумий ташқи қарзи ҳамда мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари ҳақида ҳам маълумот берилган.

Унга кўра, мамлакатнинг умумий ташқи қарзи жорий йил бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 млрд. долларга ошиб, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 37,6 млрд. долларни (жорий йилнинг 1 январ ҳолатига 33,8 млрд. доллар) ташкил қилди.

Хусусан, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 7 фоизга ёки 1,5 млрд. долларга ўсиб 22,9 млрд. долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 18 фоизга ёки 2,2 млрд. долларга ўсиб 14,7 млрд. долларни ташкил этди.

Ҳисобот даврида мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари 68,3 млрд. долларни, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 51,4 млрд. долларни ташкил этди. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг соф инвестицион позицияси йил бошига нисбатан 17 фоизга ёки 3,4 млрд. долларга қисқариб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 16,9 млрд. долларни ташкил этди.

Келинг, сизга яна бир бошқа маълумотни тақдим этамиз.

Молия вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, тадбирларда аниқланган камомад ва ўзлаштиришлар 83,7 млрд. сўмни, бюджет маблағларидан асоссиз ва ортиқча тўловлар 457,7 млрд. сўмни ва мақсадсиз харажатлар 187,3 млрд. сўмни ташкил этган. Ҳисобот даврида 365 млрд сўм миқдоридаги бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши олди олинган.

Бу албатта ҳисобот учун йиғилган ахборот. “Қўйнидан тўкилса қўнжига” каби ими-жимида йўқ бўлиб қолган катта-катта суммалар ҳақида батафсил айтиб ўтилмаган.

Ўтган 2020 йил давомида эса бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 4 729 та (2019 йилда 8 074 та) назорат тадбирларида 246 млрд.сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланиб, шундан 168,8 млрд.сўмни бюджетга тикланиши таъминланган.

Албатта, рақамлар бизни чалғитиб қўйиши табиий. Давлат қарзи деган сўз эшитилиши билан олди-қочди гаплар орқали халқнинг кўнглини кўтармоқчи бўлган раҳбарлар ҳам талайгина. Бироқ, “ташқи қарзлар ошиши эвазига пичоғи мой устида турган айрим“каттаконлар” янада каттайяпти. Халқнинг гарданига эса ушбу қарзни солиқлар ва бозор нархлари кўтарилиши эвазига бир талай қийинчиликларга дучор бўлиш тушяпти.

Президент Олмалиқ шаҳрида ҳудуд фаоллари, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари билан учрашиб, суҳбат давомида “Геология ишлари натижасида Олмалиқда 45 млн. тонна мис захираси топилган. Олтин захираси эса 5 минг тоннадан кўпроқ, дея баҳоланмоқда”, – дея айтиб ўтди.

Хўш, табиий бойликларимиз захираси шунчалик кўп экан, унда нега ташқи қарзларимиз ошиб бормоқда? Швейцариянинг Цюрих банкига етказилган олтин захираси қайси маблағлар учун «залог» вазифасини ўтамоқда ва у маблағлар қаерларга ишлатиляпти? Маълумотларга кўра, Ўзбекистон халқаро захиралари таркибида 375 тонна олтин мавжуд ва айни пайтда жаҳон бозорида бунинг қиймати 22 миллиард доллардан ошади.

Uzbekistan Airways’га қарашли учоқ шу йилнинг 26 октябрь куни махсус рейс билан Тошкент-Цюрих-Тошкент парвозини амалга оширди. Юкларсиз парвоз қилганда 86 тонна оғирликда бўлган ҳаво кемаси парвоздан олдин техник кўрсаткичларга асосан максимал оғирликда – 186 тонна бўлгани кўрсатилган. Кейинроқ, 10 ноябрга қадар Цюрихга яна иккита махсус рейс амалга оширилган…

Кўриб турганингиздек, жамғарилган ташқи қарз иқтисодий ўсиш ва фаровонликка эмас, самарасиз ва турли кўришдаги ўзлаштиришларга ва капитални четга олиб чиқиб кетишга хизмат қилаяпти. Ўзи самарасиз ва рақобатга яроқсиз иқтисодиётимиз янада ожизланди.

Лекин афсуски, кўпчилик ташқи қарз деган тушунчага эътибор бермаяпти. У ортган сайин мамлакат ичида товар ва хизматлар нархи ортиб бораверади, янгидан янги жарималар, пенялар пайдо бўлаверади, солиқ турлари ҳам кўпайиб бораверади, ҳар хил чекловлар юзага келишни бошлайди, ишсизлик бўйин чўзаверади.

Хўш, шундай шароитда oлинётган ташқи қарз нималарга сарф қилиняпти ва у қанчалик мақсадли,ташқи қарзни фуқаролар қачондан ҳис эта бошлайди, қарз берувчилар учун қарз сиёсий босим ричагига айланиб қолмайдими?

Тошойна