Хабарингиз бор, кеча 17 ёшли шахматчимиз Нодир Абдусаттаров беш карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратди.
Бу хушҳабар кўпчиликни хурсанд қилди, фахр туйдик. Ҳатто МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган самолётда Президентимиз ва бутун делегация тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовнинг иштирокини катта қизиқиш билан онлайн кузатиб борди. Давлатимиз раҳбари шахматнинг рапид йўналиши бўйича янги ва энг ёш жаҳон чемпионига ўзининг энг самимий табрикларини йўлламоқда ҳамда унинг ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Барча ижтимоий тармоқлар, телеканалларда шу янгилик, ғалаба яхши кутиб олинди, эътибор қилинди, озми-кўпми 60 минг доллар мукофот берилиши айтиб ўтилди. Шубҳасиз, чемпионни аеропортда карнай-сурнай садолари остида, юзлаб муҳлислар қуршовида кутиб оламиз. Турли маросимлар ўтказиб, ғалаба шаънига ашъорлар битаверамиз.
Ҳеч иккиланмай айтса бўладики, 1-январдан бошлаб Нодирбек тадбирма-тадбир юравериб, шахмат билан шуғулланиб сарфлаган энергиясидан кўра кўпроқ энергия сарфлайди. Ҳали қарасанг, тадбир, бирида форум, яна бирида консерт, хотин-қизлар муаммоларига бағишланган учрашувларда ҳам учратсак, ажабланмаймиз.
Хуллас бутун йил телевизорда чиқишлар, интервю бериш-у, форумларда қанташиш билан истеъдод увол бўлаверади, бундай кун тартиби спортчини мағлубиятга олиб бориши табиий.
2016-йилги Олимпиада чемпионларини эсланг, ўша натижалардан кейин чемпионларимиз тадбирма-тадбир юраверди, юраверди. Машғулотлар билан шуғулланиш учун шароит яратиб бериш, харажатларни қоплаш ўрнига турли маросимларда олд қаторда ўтқадиб қўявердигу, шу билан ўтириб қолишди… Бу йилги натижаларни эса ўзингиз кўрдингиз.
Ёки яна бир шахматчи Рустам Қосимжоновни олайлик, у ҳам Карлсен сингари чемпионлик унвонини сақлаб қолиши мумкин эди. Лекин унга ҳам тўзим бермадик, ўз устида ишлашга қўйиб бермадик.
Ҳадиксираганимиз шуки, энди навбат Нодирбекка келмасин, унинг ҳам истеъдодини увол қилмайлик. Уни 4-5 йил давомида чемпионлик шарафини ҳимоя қилишга қўйиб берайлик.
Миллатни, уйқудаги қатламини мана шундай зеҳнли ёшлар уйғотади, халқни оғир кунларини енгиллаштиришга шундай интеллект эгаларининг заҳматлари кор қилади. Ҳар қандай енгил-елпи тадбирлар, қулоқни битказадиган даражадаги бақир-чақир шоулардан шахмат бўйича битта чемпионлик минг марта афзал. Илтимос, Нодирбекни шунчаки тинч қўяйлик!