Жиззахдаги қурилиш соҳаси машмашалари ортидан вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов ва унинг бир қатор қариндошлари ҳамда бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.
Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси С.Аширматов раислигида кўриб чиқилган жиноят иши натижасида суд қуйидагича ҳукм қилди:
Акрам Раҳмонкулов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 184-моддаси 3-қисми (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддаси 1-қисми (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 205-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (мансаб сохтакорлиги) ва 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида яъни, 111 500 000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан Акбар Раҳмонқулов (“Ж-Қурувчи” МЧЖ директори), Алишер Раҳмонқулов (“Ravon Yo’l Invest” МЧЖ, “Согдиана пипепласт” МЧЖ ва “Жиззах савдо люкс” МЧЖлар директори), Аброр Раҳмонқулов (“Zenatkor Sayhan Kon Sanoat” МЧЖ директори), Адҳам Раҳмонқулов (“Зенаткор темир бетон буюмлари” МЧЖ директори) ва яна 20 дан ортиқ шахсларга турли жазолар тайинланди.