Ленин сарсон: жасад мавзолейда сақланаверадими ёки кўмиладими?

Россияда Қизил майдондаги қабрларни кўчириш ва Ленин жасадини кўмиш таклиф қилинди.

Россия Давлат думаси раисининг ўринбосари Борис Чернишевнинг фикрига кўра, «СССР собиқ раҳбарлари, Совет даврининг машҳур шахслари қабрларини Қизил майдондан бошқа жойга кўчириш ва Мавзолейда сақланаётган Ленин жасадини кўмиш лозим».

Маълумки, Шўро коммунистлари доҳийси 1924 йил 21 январда вафот этган, ўшандан буён жасад Қизил майдондаги мавзолейда сақланади. 2016 йилда эса Виладимир Лениннинг жасадини сақлаб туриш учун Россия ҳукумати 200 минг доллар миқдорида маблағ ажратди.

«Одамлар сайр қиладиган жойда қабрлар бўлиши гўрда ётганларга нисбатан ҳурматсизлик», деган ЛДПР депутати Чернишев РИА Новостига.

Ленин жасадини кўмиш ва Кремлдаги қабрларни кўчириш Россияда сиёсатчилар ва диний арбоблар томонидан аввал ҳам бир неча бор муҳокамаларга сабаб бўлган.
Россия президенти Владимир Путин Ленин жасадини мавзолейда сақланиши тарафдори ва бу мавзу жамиятда бўлинишга сабаб бўлиши мумкинлиги эҳтимолидан эҳтиёткорликка чақирган.