Ўзбекистонга қатъий карантин чоралари қайтадими?!

Маълумки, шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. Хусусан, COVID-19нинг янги “омикрон” штамми қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтираяпти.Кеча сайёрамиз бўйича 2 миллион 700 мингдан зиёд кишида “СOVID-19” аниқланди. Бу — 6 январь ҳолатига нисбатан қарийб 200 мингта кўп кўрсаткич.

Ўсиш суръатлари қайд этилган мамлакатлар орасида АҚШ ҳар доимгидек биринчи — 730 мингдан зиёд ҳолат. Францияда эса 328 минг, Испанияда 242 минг, Буюк Британияда 178 минг беморда коронавирус рўйхатга олинди. Янги ҳолатларнинг аксариятини “омикрон” штамми ташкил этмоқда.

Бунинг ортидан эса кўплаб давлатлар кескин карантин чораларини қўллашга мажбур бўляпти.

Жумладан, Германияда коронавирусга қарши эмланмаганлар уйларида икки кишидан, ваксина олган ва касалликка чалиниб бўлганлар эса ўн кишидан ортиқ меҳмон қабул қилишлари мумкин эмас.

Данияда байрам кунлари театр, кинотеатр каби жамоат жойлари эшигига қулф осилади. Янги Зеландия “омикрон” хавфи туфайли ўз чегараларини очиш муддатини январ ойидан феврал ойигача узайтирди. Швейсарияда одамлар бар, ресторан, спорт заллари ва бошқа жамоат жойларига ваксина паспортлари билангина киритилади. Ирландияда эса ана шундай муассасалар иш соати 20:00га қадар чекланди.

Буюк Британияда тиббиёт ходимлари етишмовчилиги туфайли ҳарбий хизматчилар шифокорларга ёрдамлашишга киришди.

Биргина Лондон шаҳрининг ўзида 200 нафар аскар уч ҳафта давомида соғлиқни сақлаш хизмати ихтиёрига берилди. Шунингдек, ҳукумат касаллик учун тест олиш ва эмлаш жараёнида ҳам ҳарбийлар кўмагидан фойдаланмоқчи.

Италиядаги шошилинч тиббий ёрдам муассасаларида ҳам ўрин-жойлар аллақачон тўлиб бўлган. Шу сабабли энди беморларни махсус чодирларда муолажа қилиш йўлга қўйилди.

Греция ҳукумати 7 январда фуқаролик сафарбарлиги тўғрисидаги буйруқни имзолади. У 12 январдан кучга киради. Ҳужжатга кўра, баъзи хусусий шифокорлар СOVID-19ни даволашга ихтисослашган давлат касалхоналарига жалб этилади.

Австралия расмийлари эса мамлакатнинг баъзи штатларида январь ойи охирига келиб пандемия тўлқини чўққига чиқишидан жиддий хавотирда. Шу туфайли бу ерда баъзи чекловлар қайта тикланмоқда.

Афсуски, сўнгги кунларда юртимизда ҳам касалланишлар сони яна орта бошлади.Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият тобора мураккаблашиб бораётганини маълум қилган.

Қайд этилишича, 8 январь куни 369 кишида коронавирус аниқланган, жами беморлар сони 200 минг 341 нафарга етган.

Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.Тўғри, ҳали мамлакатимизда “омикрон” штамми аниқлангани йўқ, бироқ бу хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмайди. Негаки янги штамм Марказий Осиёга кириб келди, бу ҳақда аввалроқ ҳабар берган эдик.

Жаҳондаги мураккаб эпидемиологик вазият Ўзбекистон аҳолисини ҳам огоҳликка чақириш, фуқароларимиз ўртасида эҳтиёткорлик сусайиб кетишининг олдини олиш заруратини пайдо қилмоқда.

ОТМ талабалари, кейинчалик мактаб ўқувчилари учун ҳам таътил муддатининг узайтирилиши сабаби ҳам шудир, эҳтимол. Бироқ мамлакатимизга карантин жорий этиладими йўқми бу ҳақида бирор хабар йўқ. Касаллик эса тобора авж олмоқда.

Нима бўлганда ҳам дунёдаги мураккаб эпидемиологик вазиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда карантин қоидаларига қатъий риоя қилишингизни сўраб қоламиз. Ўзингизни эҳтиёт қилинг!

Шахруза Сатторова