Кремльнинг таҳдиди, сукутдаги ТИВ ва бундан норози ўзбек сегменти — КҲШТ саммити акс-садоси

Қўшни Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган воқеалар бутун дунё диққат марказида бўлиб турибди. Марказий Осиё минтақасидаги асосий иқтисодий рақобатчимиз в энг катта чегарадошимиз бўлган бу давлатдаги жараёнлар, албатта, ўзбек сиёсий қатламидан тортиб жамики афкор омманинг турли фикр ва тахминларига сабаб бўлди.

Айниқса, кеча, 10-январ куни онлайн форматда бўлиб ўтган КҲШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтилган кескин фикрлар ижтимоий тармоқ фаоллари ва ОАВ вакилларининг норозилик билан йўғрилган фикларга сабаб бўлди.

Хусусан, ўтган йили «сараги саракка, пучаги пучакка» ажралаёзган Белоруссия Республикасининг президенти А. Лукашенконинг Ўзбекистонга берган «огоҳлантириш карточкаси» қайноқ нуқта бўлиб хизмат қилди.

«— Қозоғистондаги вазиятдан, энг биринчи навбатда, Ўзбекистон сабоқ олиши керак. Чунки, яқин келажакда бу давлатни жиддий қийинчиликлар кутмоқда. Биз КХШТ фаолиятини янада кучайтиришимиз керак», дея таъкидлаганди у.

Шаҳноза Соатова, журналист ва блоггер

Шу кунларда имперализмининг нафси бошқача ҳакалак отяпти. Бугун Лукашенко ва Калашниковларнинг айтган таҳдидомуз гаплари энди шимолдан “ҳужум” янги босқичга чиққанини, сурбетлашаётганини кўрсатмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса советпараст троллар иштаҳа билан қўлни қўлга ишқалашяпти…

… Биз бир кун келиб қўшқўллаб ватанни топшириш учун 30 йил юрмадик, давлат қурмадик. Йилдан йилга ўз халқига ишонмай, студияда олинадиган Янги йил табрикларига ҳам шубҳали тарзда қалин кийиниб чиқаётган (кийим тагида нима бор, қизиқ), халқи қабул қилишни истамай, ойлаб исён қилган диктаторлар бизнинг келажагимизни ва давлатимиз юрадиган йўлни ҳал қилиб бериши учун шунча қийналмадик.

КҲШТга “КИШТ” дейиш керак!

Хушнудбек Худайбердиев, «УзА» миллий ахборот агентлигининг директор ўринбосари, ҳуқуқшунос

Лукашенко Ўзбекистонни огоҳлантирди. Унинг гаплари сафсата, лекин бу хавотирли сигнал…

…Ким киму, ҳар ҳолда Ўзбекистонни огоҳлантириш Лукашенконинг иши эмас. Аксарият халқи “йўқол” деб эътироз билдириб турган Президентни бугун бизга ақл ўргатиши кулгили…

…бу ўйинлар ортида умуман бошқа гап бор. Буларнинг барчасини Ўзбекистонни КХШТ ҳарбий ташкилотига аъзо қилиш учун босим ва керак бўлса таҳдид, деб қабул қилиш мумкин. Илгари бунга яширин даъватлар қилинган бўлса, энди сурбетларча таҳдидга ўтишмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz интернет-нашри журналисти

…Ақли ҳуши жойида бўлган одам аслида ким дўсту ким душман, кимнинг нияти қанақа эканлигини осонгина англаб олади.

Энди гўёки Тўқаевнинг жонига ора кирган КХШТ (ОДКБ) нинг онлайн йиғилишида Беларус президенти Александр Лукашенко ҳамма гап қолиб, Ўзбекистон бу воқеалардан сабоқ чиқариши керак, деяпти.

Лукашенко бу гапни «ОДКБга аъзо бўлмасаларинг, Ўзбекистонга Россия қўшинларини киритмасаларинг сизлар ҳам мана шундай балога мубтало бўласизлар», деган маънода гапирди, албатта.

Бедодликни қаранг: Европанинг қоқ марказида жойлашган Беларусдек давлатни улкан қамоқхонага айлантирган, одил суд, мустақил фикр ва эркин сўзни тамомила йўқ қилган «Батька» ўзини Ўзбекистонга ақл ўргатишга маънавий ҳақли ҳисобламоқда!Қизиқ, нега ташқи ишлар вазирлиги бу чиқишга норозилик нотаси эълон қилмаяпти. Нимага бошқа расмийларимиз жим? Ё сукут аломати ризо, сифатида қабул қилинишини исталмоқдами «Батька»нинг гаплари? Ёки эътиборга арзимайди, деб ҳисобланаяптими?..

Расул Кушербаев, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати

Ўзбекистон суверен мамлакат. Жаноб Лукашенко ва бошқалар ўзга мамлакатларни нимагадир даъват қилишда энг камида ўша суверенитетни унутмасликлари зарур. Чунки бизнингча Белорусь ҳам Ўзбекистон каби суверен мамлакат ва унинг халқи ҳам бошқалар каби ҳурматда бўлишни истайди.

Ҳамид Содиқ, сиёсатшунос

Александр Лукашенконинг бу фикрлари унинг гапириш интонациясига қараганда “таҳдид” кўринишида янгради. Беларус Президентининг дадил гапириши ва “биздаги бор маълумотларга қараганда” деган урғуламалари, унинг қўлидаги тезис Кремл иродаси билан ёзилганидан далолат беради. Лукашенко бу йиғилишда Кремл ”жарчиси” вазифасини бажараётганига шубҳа йўқ. Улар кейингиси аниқ Ўзбекистон бўлади деб “мессеж” бермоқдалар. Лукашенко бу билан қайсидир маънода ўз давлатида юз берган митинглар бостирилишини ҳам легетимлаштириш ва “мана мен аслида тўғи қилганман” деб, “қалб поклигига” эришмоқчи дейиш мумкин. Лукашенконинг бу фикрларини инобатга олиш керак: Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам ўзини яланғоч кўрсатаётган деструктив “ташқи” кучлардан жуда эҳтиёт бўлиши ва ички муаммоларни сифатли ҳал қилишга киришиши лозим.

Расмийларчи? Улар нима дейишмоқда?

Мазкур баёнот нафақат юртдошларимиз, балки, халқаро ташкилотлар диққат майдонига тушган бўлса ҳам, бу борада на Ташқи ишлар вазирлиги, на ҳукуматнинг бошқа тузулмалари расмий жавоб қайтармади. Фақатгина воқеалар ортидан Қозоғистонда бирорта ўзбек қамоқда сақланмаётгани маълум қилинди, холос.

Аслида, давлатнинг сиёсий позициясини, унинг бошқа давлатлар орасида тутадиган ўрнини ташқи ишлар вазирлигининг ҳаракатига қараб белгилайдилар. Осон келмагани аён мустақилликка очиқдан-очиқ, бўлганда ҳам энг кулгули йўлда, қўғирчоқ тили билан таҳдид солишса-ю, бунга нисбатан сукут сақлаётган ТИВни қандай тушуниш мумкин? Умуман олганда, тушуниш мумкинми?

Мавзуга оид:

Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси Президентининг телефон орқали навбатдаги мулоқоти бўлиб ўтди