Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов раислигида ОАВ ходимлари, журналист ва блогерлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда Ўзбекистонда COVID-19 хавфи яна кучая бошлагани, аҳоли ўртасида вакцина олиш суст бораётгани, тарғибот-тушунтириш ишлари етарли эмаслиги хусусида сўз юритилди. Вакцина олишга кўпроқ жалб этиш ҳақида таклифлар билдирилди.
А.Абдуҳакимов эмланган фуқаролар ўртасида бонусли ўйинлар ташкил этилиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди. Аммо айни пайтда мазкур ташаббус юзасидан бирор аниқ режа бор-йўқлиги хусусида маълумот берилмади.
Вакцина олишни тарғиб қилиш нега керак?
Вазирнинг сўзларига кўра, коронавируснинг омикрон штамми 30-40 баробар тез тарқалади. Ушбу штамм асосан вакцина олмаганларни қийин аҳволга солиб қўяди. Бунда энг ожиз манзил Тошкент шаҳри. Чунки ҳозиргача пойтахтнинг вакцина олиши мумкин бўлган аҳолисининг 50 фоиз қисми ҳам вакцинанинг ҳеч бир дозасини олмаган.
Эмланганлик даражасини 90 фоизгача кўтариш учун таклифлар билдиринглар, деб мурожаат қилди А.Абдҳакимов. Бу ўринда турли маъқул таклифлар билдирилди, баъзилари кескин норозиликларга учради, баъзилари ҳатто «эшитилмади».
Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев айрим бизнес эгаларига вакцина жараёнларида фаоллик кўрсатса, уларни реклама қилиб бериш кераклигини айтди. Буни вазир тезда ўрганиб чиқишни буюрди.
Вакцина олганлик сертификати борларга давлат хизматлари кўрсатишда имтиёзлар қўллаш, мисол учун, ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштиришда чегирмалар бериш, ҳатто 100 минг сўмдан мукофот бериш кераклиги ҳақидаги таклифлар ҳам айтиб ўтилди. Вазир бу масалада «бюджетни яхшилаб ўрганиш», кераклигини маълум қилди.
Таклифлар қаторида яна бир қатор имтиёзлар бериш ҳам бор эди. Тағин тиббиёт ходимлари вакцина ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслиги айтиб ўтилди. Бу гапларни барча йиғилишдагилар тасдиқлади. Улар энди уйма-уй юриб, тарғибот ишлари олиб боришади.
Ошхона, кафе, ресторанларга эмланмаганлар киритилмаслиги мумкин. QR код олинсагина рухсат берилади.
Аҳоли транспортлари ҳаракатига қўшимча қатновлар кераклиги, аҳоли гавжумлигининг олдини олиш ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Энди бир гап. Ҳозиргача омикрон штамми кимда аниқлангани очиқ айтилмади. Ҳокимлар, амалдорлар ёппасига чет элга дам олгани кетган эди. Шунда улар орқали бизга янги штамм «етиб» келмасмикан ишқилиб?.. Ёки амалдорлар дам олишдан келганларидан сўнг яна 14 кун «карантин»да бўлишармикан…