Ўқитувчилари минг доллар ойлик оладиган юртга Финландиядан салом

Катта табиий бойликлар, савдо имтиёзлари ёки бошқа сезиларли даромад манбаларига эга бўлмаган Финландия Европа шимолида жойлашган кичик бир мамлакат.

Мутахассислар фикрига кўра,дунёнинг энг яхши таълим тизими Финландияда экан.

Хўш, дунёда энг яхши ҳисобланадиган Финландия таълим тизими, бошқалардан нимаси билан ажралиб туради?

Энг аввало, Финландияда нуфузли ёки оддий мактаб тушунчаси йўқ. Ҳамма мактаб давлатга тегишли бўлиб, улар бир хил молияланади ва бир хил асбоб-ускуна ва имкониятларга эга. Шаҳардан тортиб, то қишлоқ болаларигача бир хил имконият яратилган.

Чекка қишлоқ болалари харобаларда ўқимайди, қишда қалтираб,парти кетиб,шарти қолган парталарда ўтирмайди. Хусусий мактаб, президент мактаби деган нарсалар йўқ экан уларда.

Кичик синфларда болаларга уй вазифаси берилмайди, имтиҳон топширмайди ва уларга баҳо қўйилмайди. Ёшликданоқ иккичи ва аълочи деган тушунча йўқ.

Ўзлаштириши паст бўлган болаларга «Сен одам бўлмайсан» қабилидаги сўзлар айтилмайди, боланинг барибир билмас эканман деб ўқишдан кўнгли совимайди. Ўқувчи ўзи хоҳламаса, доскага мажбурлаб чиқарилмайди.

Фин мактабларида болалар жуда кўп иншо ёзади: мустақил ишлаш болага ҳар бир масала ҳақида ўз фикрига эга бўлишни ва фикрини бадиий тилда изоҳлашни ўргатади.

Бир мазмундаги иншони 25 нафар ўқувчи Хўжа Али, Али Хўжа қилиб кўчирмайди ва албатта ўқитувчи ҳам бунга йўл қўймайди.

Бир фанни бошқа фанлар ўрнида чуқурроқ ўрганиш маъқулланмайди. Масалан финлар математикани гуманитар фанлардан. кўра чуқурроқ ўрганиш керак деб ҳисоблаб, она тили дарс соатларини қисқартирмайди.

Ўқувчини бошқа ўқувчи билан қиёслаш таъқиқланган. Ҳокимнинг ўғли бўласанми, директорнинг қизими, ақлингга яраша баҳо оласан. Ногирон ва қобилиятлари болалар бир синфда ўқишади, ота-она имконияти чекланган боласи учун мактаб қидириб сарсон бўлмайди, ногиронлар учун деган тушунча мутлақо йўқ.

Фин мактаблари шиори шундай: Биз болани ё ҳаётга тайёрлаймиз, ё – имтиҳонга. Биз биринчисини танладик”.

Шунинг учун ҳам фин мактабларида фақат бир марта – ўқувчи 16 ёшга тўлганда имтиҳон топширилади.

Бошланғич синфни тугатибоқ, ҳар йили имтиҳон топшириш учун ҳаражат, ёғе ҳаракат қилмайди

Фин мактабларида энг асосийси — ўқувчини мустақил ҳаётга тайёрлаши, деб ҳисобланади.Шунинг учун ҳам уларга мустақил билим олишни ўргатишади. Болаларга эркин фикр, таҳлил,мустақил илм ўрганиш сингдирилади.

Қоридай ёдлаб олинган формула, қоида, теорема, аксиомалар ўрнига, справочник, калкулятор ва интернетдан фойдаланишни ўрганади;

Ўқитувчилар бир кунда синф хонасида 4 соат дарс беради ва ҳафтага 2 соат (малака ошириш учун 5 йилни кутиб ўтирмайди)ўқитувчи малака оширишига сарфланади. Қандайдир қоғозбозликлар эмас, дарс ўтишда педагогик маҳорат муҳим. 6-7- соат дарслар ўлар ҳолатда ўтилмайди, ўқитувчининг доим ўз устида ишлашга вақти бўлади.

Ойлик маош 3700 евродан 5000 еврони ташкил қилади. Ўқитувчи фақат дарсни сифатли ўтишни ўйлайди,ойлик етарли,қўшимча даромадга муҳтож эмас. Бир неча йиллардан буён ойлиги минг долларга чиқишини кутиб, зада бўлиб кетмайди.Томорқа, бизнес,мол-ҳол ҳақида ўйламайди, ўқитувчими,фақат ўқитувчилик қилади.

“Ўқитувчи” касби – обрўли касб ҳисобланади . Олий таълим масканларида ўқитувчи бўлиб ишлашга жуда катта конкурс мавжуд. Дарсларда ўқитувчининг алоҳида ёрдамчиси ҳам бўлади. Уларга мактабдаги шанбаликларга, синф таъмирига,дарахт оқлашга, пахта теришга ишчи кучи сифатида қарашмайди, устоз-шогирд ўртасида ҳурмат юқори бўлади.

Энг асосийси,Финландияда умумий ўрта таълим – бепул. Бунинг ичига бепул обед, экскурсия, мактаб автобуслари ва китоблар киради.Ота-оналардан пул йиғиш таъқиқланган.

Менимча, бу финлар бепул сўзининг маъносини тушунмайдиёв. Бепул таълим мактаб фонди, синф фонди,ёш куч, фаррош учун, йил бошида китоб,ҳужжатлар учун пул йиғишни ҳам ўз ичига олишини ҳалиям тушиниб етмаган кўринади булар. Бепул таълим эмиш яна!!!

Шахруза Сатторова