Яқин кунларда хусусий телеканаллар орқали эфирга узатилган сериаллардаги очиқ саҳналар намойиши ва уларга нисбатан Саида Мирзиёеванинг танқиди кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Мазкур танқид ва муҳокамалар ортидан бошланган шовқин акс-садоси ўлароқ, «Севимли» телеканали бош муҳаррири ва бош директори ишдан олинди, канал таъсисчилари ва сериал муаллифлари орасида катта миқдорда манфаатлар тўқнашуви аниқланди ва ниҳоят, ушбу ишга алоқадор дейилган медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов ЎзЭОАВМА раиси лавозимидан кетди.
Аммо, воқеалар ривожи шу билан узилиб қолгани йўқ — бу сафар давлат телеканалида 18+ намойиш «эфирга кетиб қолган».
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибида бўлган «Кинотеатр» телеканалининг 31 январ соат 22:00 га мўлжалланган эфиридаги «Баунти» филмида очиқ саҳналар намойиш этилган.
АОКА томонидан айни дамда дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилаётган ушбу ҳолат ҳали бирининг «қони қотмай туриб» юз берганини техник хатоликдан кўра, ишга масъулияцизлик билан ёндашиш дейиш тўғрироқ бўлади, аслида.
Ҳозирда давом этаётган ўрганиш ишлари юзасидан тайёрланадиган хулосага кўра «Кинотеатр» телеканалига тақдимнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумот киритилади.
Қонуний чора, албатта, жамоатчилик назорати уйғоқ жойда кўрилади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Аммо, ўхшаш ҳолатлар қачонгача давом этар экан? Куни бўйи ишдан чарчаб келадиган одамнинг бир оз маданий ҳордиқ учун телевизор қўйиши билан ўхшаш саҳналарга дуч келса, ҳордиқ қаерга йўқолар экан кейин?!
Эътиборлироқ бўлайлик, масъуллар!
Мавзуга оид: