Антимонополқўм: Ҳокимлик ва ИИБ Қонунни бузган, аммо чора кўра олмаймиз!

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қашқадарё вилоятидаги чигит можароси юзасидан янаа бир қўшимча муносабат билдирди.

Унга кўра, Қўмитага 2021 йил 23 декабрда Самарқанд вилоятидаги “Pet agro oil” ҳамда “Oil extraction” МЧЖларнинг мурожаати келиб тушган.

Мазкур мурожаатда “Pet agro oil” МЧЖ биржа савдолари орқали Қашқадарёда жойлашган “Koson Baxt Tekstil” МЧЖдан пахта чигити сотиб олгани, бироқ чигитни Қашқадарё вилоятидан олиб чиқиб кетишда вилоят ҳокимининг топшириғи билан вилоят Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ходимлари ушлаб туришганини билдирилиб, ёрдам сўраган.

Ҳолат юзасидан Қўмита дастлабки ўрганишлар ўтказиб, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ички ишлар бошқармаси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилган деб топиб, уларга нисбатан 2022 йил 6 январь куни иш қўзғатган.

Иш жараёнида вилоят ҳокимлиги, Ички ишлар бошқармаси масъуллари ва Қўмита ходимлари бир неча бор онлайн учрашувлар ўтказиб, суриштирув олиб борилган.

Натижада қонунбузилиши юзасидан вилоят ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармасига «қайта такрорламанг, яхши эмас» қабилида 2022 йил 12 январь куни 11/2-сонли Қўмита кўрсатмаси берилган.

Шундан сўнг тадбиркорлар 20 январь куни чигитни Кашқадарё вилояти худудидан олиб чиқиб кетишган ва ўз маҳсулотларини айнан Қўмита аралашувидан сўнг олиб кетганлигини билдиришган.

Қўмита ўз муносабатида Bakiroo телеграм каналида эълон қилинган фикрлар ва депутат Р. Кушербаевнинг “тақиқ қўйганлар иқтисодиётга ва тадбиркорларга етказган зарари учун қандай жазоланди?” дея билдирган эътирозларига алоҳида тўхталиб ўтган.

Ушбу алоҳида тўхтамга кўра, бу ҳолатда Қўмита “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилган ёки бузилмаганлигини аниқлаб, иш қўзғатиши ва қонун бузилишига йўл қўйганларга нисбатан (Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Қашқадарё вилояти ИИБга) кўрсатма хати юбора олишини баён этган. Яъни Қўмита жазога тортиш, жарима қўллаш ёки бошқа жавобгарлик белгилаш ваколатига эга эмас.

Депутат Р. Кушербаев ўз саҳифасида муносабатга муносабат билдирган.

Энди қаранг: автомобилда тезликни оширсанг жарима нақд, баъзан ниқобсиз юрсанг жарима, кимнидир «МЕНТ», деб қўйсанг 15 сутка нақд, судга қўполлик қилсанг 3 йилга қамалиш нақд бўлса-да, ноқонуний монополия ва ҳукмронлик ўрнатиб мамлакат иқтисодига, келажагига миллиардлаб зарар келтирсанг хатто жаримага тортадиган бирор «зўр» йўқ. Ғалатимасми?..

Мана нима учун монополия гуллаб, амалдорлар ваколатидан фойдаланиб чўнтак фирмаларини монополлаштириш билан шуғулланаяпти.

Чунки уларга қарши турадиган органнинг қўл оёғи боғлаб, чирмаб ташланган. Ва катта эҳтимол билан бу ишлар анча илгари монополистларнинг таъсири билан қилинган.

Мана энди нега Антимонополия қўмитаси «ЎзАвто Моторс»га судда ютқазганлигини билиб олдик.

Кушербаевнинг муносабатида антимонополия соҳасидаги назорат ва жавобгарликни кучайтириш масаласини зудлик билан жиддий кўриб чиқиш кераклиги, акс ҳолда биздаги монополияга қарши кураш фақат қоғозда ва минбарда айтиладиган гап бўлиб қолаверишини таъкидлаган.

Ростига келганда ҳам, ҳар куни ОАВда юз мақсадли Тараққиёт стратегиялари, ривожланиш босқичлари, қонун устуворликлари ҳақида баралла бонг уриладию, аммо амалда қонунчилик тизими ичида шамол ўйнайдиган харобага ўхшайди.

Турли раҳналар беркитилмас экан, бир-бирини инкор этувчи қонун ва қарорлар бор экан, минг мақсад қўйилгани тақдирда ҳам, бири биридан жарангдор номлар топилган стратегиялар тузилгани билан ҳам буюк келажак келажакда кутиб тураверади.

Мавзуга оид: