Монополия ҳам таниш — билишчилик асосидами ёки “Алламжонов айбдор” эмасми???

Кўпчилик Интернет фаолларига маълумки тахминан бир ҳафталар олдин Комил Алламжонов анча фаоллашиб қолди. Бунга сабаб эса кейинчалик ойдинлаша бошлади. Гап нимада? Гап Алламжонов бир пайтлар бошқарган ва ҳайдовчиларни пул эвазига ўқитиб сертификат берган ташкилот (Автотест) энди ягона ҳайдовчиликка ўқитиш марказига айлантирилди.
Бу дегани ягона монопол ҳайдовчиларни “права”га ўқитади, қўлига ҳайдовчилик гувоҳномаси беради, ҳамда топган фойдаси тўлиқ ўзига қолади.

Тепадан нима ҳақида сўз очилса, худди шуни кўтариб чиқадиган Алламжоновни ўзига тегишли монопол ташкилотига “добро” берилгани ёш боладек шаталоқ отишга мажбур қилди.

Тўғри, ушбу соҳа корруцияга аралашган, катта пул ўйнайдиган соҳалардан биттаси. Бир замонлар пул билан бир ҳафтага қолмай олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси бугунги кунда уч ойда, пулини тўлаб, ўқимасдан, ҳаттоки, имтихонларни пул билан ўтиб олинаётгани ҳам рост. Бироқ Алламжонов таъкидлаб ўтганидек, барча ЙТҲларда ҳайдовчидар айбдор эмас.
Президент ўтказган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мавзусидаги селекторда ушбу мавзуларга батафсил тўхталиб ўтди.
Президентга олиб кирилган ва давлат раҳбари томонидан айтиб ўтилган ҳисоботга кўра, 2021 йилда 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатланди.

Энг ачинарлиси, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан 263 нафар бола ҳалок бўлган. 2021 йилда Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та аварияда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмган
Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг:

  • 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги;
  • 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги;
  • 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги;
  • 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.

“Юқоридаги муаммоларнинг барчаси ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик масалаларига бевосита боғлиқ. Шу боис, 2022 йилда барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастурини амалга оширамиз”, деди Президент.

Шунингдек, Президент ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш кераклигини ҳам келтириб ўтди, ва маълум миқдорда қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчилар автомашина бошқариш ҳуқуқидан чеклаб қўйилади.

Талабга жавоб бермайдиган йўлларнинг таъмирланиши ҳам пировард мақсад ўлароқ айтиб ўтилди.

Энди яна Комил Алламжоновга қайтамиз. Алламжонов аввалроқ, аниқроғи ўтган йилнинг октябр ойида праваларнинг сотилиши потенциал қотилларни кўпайишига замин яратмоқда, дея овоза қилган эди. Балким шу пайтдан Ягона имтихон маркази ҳақида гап очилган ва ҳаракат бошланиб кетгандир. Адлия вазири журналист ва ОАВ вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда Автотест раҳбари ким эканлигини билмаслигини таъкидлаб ўтди. Шунчаки кулгили, ҳаммага аён бўлиб турган нарсани адлия вазири, кимсан адлия вазири билмаса…

Журналист Анора Соқидова вазирга савол берган: «Қачонлардир барҳам берилган ‘Автотест’ монополияси бошқа кўринишда қайтиб келди. Ва унинг қайтишида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам бор. Мана шундай, монополияга йўл қўювчи қарорларни Адлия вазирлиги ҳуқуқий экспертизадан қандай ўтказиб юборди? Нега ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш фақат Ягона имтиҳон марказига берилди?»

Русланбек Давлетов қуйидагича жавоб берган:

«Қарорда сиз айтгандек монополия йўқ. Вазирлар Маҳкамаси қарорида шу соҳада фаолият юритувчи тадбиркорларга талаблар бор. Мен ‘Автотестъга ким эгалик қилиши тўғрисида хабарга эга эмасман. Мен Вазирлар Маҳкамаси қарорини биламан. У ерда айтилганки, ҳозирда давлат ўз функцияларини хусусий секторга топширмоқда. Қонунда инсон омилисиз, электрон равишда ҳайдовчига баҳо берадиган талаблар белгиланган. Агар қайсидир ҳудудда шу талабларга мос равишдаги тадбиркор кириб келса, давлат ўз функциясини тугатади.

Мана, Тошкент шаҳрида имтихон оладиган мактаб очилибди. Бу орқали давлат функцияси Тошкент шаҳрида тугатди. Лекин вилоятларда олдинги тартиб сақланиб турибди. Ҳамма вилоятда очилса, давлат тизими тугайди».

Алламжоновга нисбатан эътирозлар ва таклифлар юборила бошланди. Хусусан интернет фаолларидан Бобир Мукадамов ўзининг фикр мулоҳазаларини ёзиб қолдирган.

«Ҳурматли Комил Алламжонов!
Тошкент имтиҳон марказидаги назарий босқич тест саволларининг (барчасини) очиқ «доступ»га чиқаринг. Ҳамма ўз билимини текин синаб кўриш имконига эга бўлсин. Керак бўлса 10, 100, 1000 марта қайта-қайта топширсин ўз телефонида, токи ҳамма саволга жавобини тушуниб олмагунича. Ахир асл мақсад, ҳайдовчиларнинг билимини оширишку, тўғрими? Мобил илова яратиб, пулга сотинг керак бўлса, лекин тўлови (тахминан 5-10$) бир марталик бўлсин.

Акс ҳолда, абадий “Алламжонов айбдор!” бўлиб қолаверасиз! Чунки ҳозирги кўринишда, ушбу ишлар фақат ва фақат (талабгорларни қайта-қайта пулга имтиҳон топширтириш орқали) пул ишлашга бўлган ҳаракатга ўхшаяпти. *

P/S. Тушунмаган ёки билмаганлар учун маълумот: Тошкент имтиҳон марказига имтиҳон топшириш учун тўланадиган пулларнинг 100%и тадбиркорда, 0%и давлатда қолади.

Шерзод Асадов (Президент матбуот котиби — platformauzb) давлат раҳбари ҳам ушбу таклифимни қабул қиладилар деб ўйлайман»,— дея таъкидлаган у.

Албатта, бу сўзларда жон бор. Таклифи ҳам ўринли. Бу таклифлар тез орада Алламжоновга етиб борган ва унинг жавоби жамоатчиликка эълон қилинди.

“Имтиҳон марказидаги тест саволлари исключительно амалдаги ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастури доирасида тайёрланган. Бу тестлар 2012 йилдан буён такомиллашиб, барча ГАИ бўлимлари томонидан фойдаланиб келинган. Бу тестлар ҳар бир мактабда бор ёки бўлиши шарт. Йўқ бўлса саволни автомактабга бериш керак. Автомактабга ўқувчи шунча миллион пул тўлаб нима учун боради? У ерда имтиҳонга тайёрлаб, кейин жўнатилиши керак ҳар бир ўқувчи. Уларни топган пуллари ҳам юз фоиз тадбиркорга тушади. Так что шунақа..

Ҳурматли ватанпарвар ва фидойи ўртоқлар! Саволларни автомактабларга ҳам беринглар. Ўзбекистон Республикасида мингдан ортиқ автомактаблар бор. Нима учун ёмон ўқитяпсиз деб деярли бирон марта ҳам пост ёки мақола ёзилмади? Права сотувчилар нега жавоб бермайди бундай саволларга? Ватанпарвар, Транскасб, Автомотохаваскорлар деган катта ташкилотлар бор. Суранг улардан, талаб қилинг”,— дея иддао қилди Алламжонов.

Автомактаблар яхши ўқитмаяпти, дея жар солган Алламжонов бирор бир автомактабнинг ўқитиш услуби билан танишганмикан? Ёки шундоқ ўзи хулоса чиқариб турганмикан7 тўғри бугунги кунда ҳайдовчилик гувоҳномаси сотиб олаётган ҳайдовчилар йўқлиги ҳам рост, бироқ буни барча автомактаблар юзига лой чаплашга асос бўла олади деб ҳеч ким айта олмайдику..

Хуллас саволларимиз ва фикрларимиз кўп. Комил Алламжонов айтганидек, Ўқимаганлар минг валломати бўлса ҳам, энди ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмаса ажаб иш бўлдида дея ҳайрон қолган бўлардик. Сабаби доим киритилган қонунни жисмоний шахслардан кўра, юридик шахслар кўпроқ ва кўпроқ бузиб келган.

Эслатиб ўтамиз, 3 февраль куни Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича ягона имтиҳон маркази иш бошлади.

Тошкент Имтиҳон Маркази, ТИМ тадбиркорлик субъекти ҳуқуқи асосида Ўзбекистонда биринчи бўлиб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи компаниядир.

Тошойна