Рассомлар ва уларни илҳомлартирган жойлар бугунги кунда…

Шундай қилиб, бу галги мақола орқали бизга яхши таниш бўлган асарларда тасвирланган жойлар ҳақида озгина маълумот улашмоқчиман. Бизнингча, бу ҳаммага қизиқ.

Демак…

Ренуар ёқтирган ресторан

“Соябон остида тушлик”, Пер Ренуар
“Фурнез” ресторани

Пер Ренуарнинг “Соябон остида
тушлик” картинасида Шату оролидаги “Фунез” ресторани айвони тасвирланган. Шату ороли Парижнинг ғарбида, Сена дарёси бўйида жойлашган. Ресторан нафақат Ренуарнинг севимли жойи эди, бундан ташқари у ерга Ги де Мопассан, Клод Моне, Анри Матисс, Андре Дерен ва бошқа рассомлар ҳам тез -тез ташриф буюриб турган. Шунинг учун бу орол “импрессионистлар ороли” номини олган.

Шагал “парвоз” қилган шаҳар

“Шаҳар бўйлаб парвоз”, Марк Шагал
Витебск шаҳри

Марк Шагалнинг “Шаҳар бўйлаб парвоз” картинасида рассомнинг ўзи ва севимли рафиқаси Белла иккисининг Витебск шаҳри узра парвоз қилаётганлари тасвирланган.

Картина Шагал Витебскда санъат академияси очган йиллари яратилган. Академия билан боғлиқ бошқа бир қизиқ маълумот ҳам бор. Бу энди алоҳида мавзу ва кейинги пост шу ҳақида бўлади. Картинага қайтсак. Шагал холстда тасвирлаган шаҳар кўриниши ҳозирги кунда ҳам деярли ўзгармаган. Черков ва қизил томлар ўша-ўша…

Мунк “қичқириқ” эшитган йўл

“Қичқириқ”, Эдвард Мунк

Эдвард Мунчнинг “Қичқириқ” картинасида Ослодаги Валҳалвейн йўли тасвирланган, дейишади кўпчилик санъатшунослар. Мункнинг ўзи эса бу ҳақда ҳеч нарса демаган.

Бу йўл Экеберг тепалиги бўйлаб ўтган бўлиб, ундан Осло шаҳри кўриниб туради. Айнан шу жойда “абадий қичқириқ оқшомги қизил қуёш нурлари остида янграйди”.

Бу ҳақда Мунк кундалигига “қон ва олов ранг осмон остидаги қора-кулранг шаҳарни томоша қилиб турибман” деб ёзиб қолдирган.

Моненинг сеҳрли боғи

“Японча кўприк”, Клод Моне
Гивернй боғи

Франсиянинг шимолидаги коммунада – Гивернй Гарденда Клод Моне 43 йил яшаган. У ўз боғининг ажойиб манзараларидан илҳомланиб, кўплаб картиналар яратган. Моненинг деярли 70% ишларида ушбу боғнинг қайсидир бурчагини кўришимиз мумкин. Эҳтимол, шу картиналарни панорама қилиб йиғиб чиқилса, балки бутун боғни кўриш мумкин бўлар…

Ҳуллас, боғ рассомнинг илҳом манбайи бўлган. Расмда кўриб турган кўприкни эса Моненинг ўзи қурган. Кўприк японизм услубида қурилган бўлиб, ўша вақтлари бу услуб модага айланаётган эди.

Айнан шу ерда Моне ўзининг машҳур “нилуфарлари” ва “япон кўприги” асарлар сериясини яратган.

Боғ нафақат Моненинг, балки унинг дўстларининг ҳам севимли жойи бўлган. Масалан, Пол Сезанна, Анри Матисс, Камил Писсарро, Пъер Ренуар ва бошқаларни бу ерда учратиш мумкин бўлган.

Ван Гогни илҳомлантирган кафе

“Кафенинг тунги терассаси”, Ван Гог
Café La Nuit’нинг ҳозирги кўриниши

Винцент Ван Гогнинг “Кафенинг тунги терассаси” картинаси кўпчиликка таниш, тўғрими? Ажойиб асар!

Картина Ван Гог Арлда яшаган вақти яратилган. Кафе марказий Форум майдонида жойлашган. Ван Гогда унинг кичик ташқи айвони саҳнаси эртакнамо тусни олади. Юлдузли осмон фонида кафе… 

Бугунги кунда бу кафе “Café La Nuit” ёки “Café Van Gogh” деб номланади. Эътибор берсангиз, қаҳвахона майдони 1888 йил сентябрда Ван Гог қандай тасвирлаган бўлса, шундан бери деярли ўзгармаган.

Темурбек Турдиниёзов